Туркия Халқ банки бош директори Осман Арслан ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Ўзбекистонда давлат улуши бўлган тижорат банкларини хусусийлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар 27 июль куни Анқарада ташкил этилган ўзбек-турк бизнес форуми доирасида ўтказилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Хусусан, "Халқ банки"нинг Ўзбекистон тижорат банклари акцияларининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишининг истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон банкларига кредит линияларини очиш масалалари муҳокама қилинди.
Халқ банки - 1933 йилда асос солинган давлат банки. Туркияда активлари ва филиаллари сони (886 та филиали мавжуд) бўйича олтинчи ўринда туради. 2019 йил учун даромад 13,4 миллиард турк лирасини (1,93 миллиард доллар) ташкил этди.
Бизнес форум доирасида Бош вазир ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ёки бунга қизиқиш билдирган Туркиянинг бошқа компаниялари, жумладан "Акса Энержи" энергия ширкати, "Женгиз Ҳолдинг" фойдали қазилмалар билан ишлаш компанияси ва бошқа қатор ширкатлар вакиллари ва раҳбарлари билан учрашди.