UzAuto Motors компанияси янги моделлар ва янги ранглардаги автомобилларни қачон тақдим этади?

UzAuto Motors компанияси янги моделлар ва янги ранглардаги автомобилларни қачон тақдим этади?

4 июль куни Асака автомобиль заводида бўлиб ўтган матбуот анжуманида UzAuto Motors компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов компания томонидан ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган янги моделлар ва автомобилларга сепиладиган янги ранглар ҳақида маълумот берди.

«Афсуски, ҳамма маълумотни ошкор эта олмайман. Чунки бу компания сири. Айтишим мумкинки, биз янги моделларни ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаганмиз. Янги моделлар мутлақо янги технологиялар асосида ишлаб чиқарилади. Уларнинг двигатели, электроникаси, хавфсизлик техникаси умуман бошқача бўлади. Биз ҳозирда янги моделларни ишлаб чиқариш учун станоклар харид қилиш юзасидан иш олиб бормоқдамиз», — дейди Рустам Ражабов.

UzAuto Motors компанияси раҳбарининг қайд этишича, Cobalt ўрнига янги модель ишлаб чиқарилади ва у йил охирига қадар тақдим этилади.

Шунингдек, йил охирига қадар SUV тоифадаги машиналар ҳамда Тошкентда йиғиладиган Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Equinox ва Chevrolet Traverse автомобилларининг ҳам ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, сентябрь охиридан бошлаб компания янги ранглардаги автомобилларни ҳам ишлаб чиқара бошлайди. Ушбу ранглар GM компанияси заводлари ичида фақат Ўзбекистонда жорий этилмоқда.

Эксклюзив буюртма қилинадиган автомобиллар учун GK2 — жилосиз қора рангдан фойдаланилади. Шунингдек, GBO — ҳўл асфальтрангнинг янги жилоси, GAN тўқ феруза ранг, GD8 — қора туслардан ҳам фойдаланилади. Янги рангли автомобиллар тўртинчи чоракдан бошлаб мижозларга етказилади.