Uzcard "Рақобат тўғрисида"ги Қонунни бузгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин

Uzcard

Аввалроқ «Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖ (Uzcard бренди остида банк пластик карточкалари эмитация қилади) томонидан банклардаги онлайн-омонатлар учун яна тўлов олишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хабар жамоатчилик орасида норозиликларни келтириб чиқаргани учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси бундай тўлов олишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганаётганини маълум қилган эди.

Ўрганилиш жараёни бошланишидан қарийб икки ой (54 кун) дан кейин қўмита ушбу масала юзасидан ахборот берди.

Қўмита матбут хизмати хабарига кўра, бугунги кунга келиб «Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖдан Қўмита томонидан сўралган тегишли маълумотлар тўлиқ берилмагани сабабли, ўрганиш муддатини чўзилишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, агар, «Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖ томонидан сўралган маълумотлар тақдим этилмаса, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига биноан, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг маъмурияти маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилди.

Амалдаги "Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 27-моддасида шундай дейилган: "... монополияга қарши органга ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик, танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади".