Вьетнамдан Британияга: катта пул учун хавфли саёҳат

Вьетнамдан Британияга: катта пул учун хавфли саёҳат

Ўтган ҳафта Англиянинг Эссекс графлигидаги авторефрижераторда (юкхонаси музлатиладиган машина) топилган ноқонуний муҳожирларнинг жасадлари ичида Вьетнам фуқаролари ҳам бўлиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра йилдан-йилга тобора кўпроқ ветнамликлар ишлаш учун Буюк Британияга йўл олмоқда. Улар нима учун шундай хавфли ва қиммат “саёҳат”га чиқяпти?

Вьетнамлик 26 ёшли Фам Тхи Ча Ми ва 20 ёшли Нгуен Дин Лёнг ҳам қурбонлар орасида бўлиши мумкин

Улар нима учун Вьетнамдан кетяпти?

“Ҳозирда Вьетнам иқтисоди гуллаб-яшнаяпти, аммо ҳамма ҳам бу ерда иш топа олмайди. Вьетнамда ортиқча ишчи кучи муаммоси ва юқори ишсизлик даражаси бор”, дейди Би-Би-Си Вьетнам хизмати раҳбари Хазянг Нгуен.

БМТ маълумотларига кўра, Вьетнам мамлакат аҳолисининг иқтисодий фаровонлиги бўйича сезиларли муваффақиятга эришган. Бироқ бир жиддий муаммо бор – бойлар ва камабағалларнинг даромади орасидаги фарқ жуда катта ва у ўсишда давом этяпти.

Ўртадаги нотенглик аҳолининг турли ижтимоий қатламларида ҳам, минтақалар бўйича ҳам сезилади.

“Вьетнамдан Европага, хусусан, Британияга келаётган муҳожирларнинг катта қисми мамлакатнинг атиги бир нечта минтақасига тўғри келади”, дейди Хошимин шаҳридаги контрабандага қарши кураш бўйича мутахассис Мими Ву.

“Бу минтақаларда сўнгги йигирма йилда ўзига хос анъана – ишлаш учун қонуний ёки ноқонуний тартибда хорижга кетиш одати пайдо бўлди. Кетганлар ўз даромадларини уйга, оиласига жўнатади”, дейди Мими Ву.

Охирги ўн йилда Британияга келган муҳожирларнинг аксарияти Вьетнам шимолидаги Хайфон шаҳри ва шимоли-шарқий Куангнин провинцияси ҳисобига тўғри келар эди. Аммо сўнгги йилларда нисбатан камбағалроқ бўлган уч марказий провинция – Нгеан, Куангбин ва Хатин аҳолиси орасида ҳам ноқонуний муҳожирлик оқими ошди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили 18 минг Вьетнам фуқароси Европага, тахминан минг киши эса АҚШга томон ноқонуний ҳаракатланади.

Сўнгги йилларда Нгеан провинциясидан тобора кўпроқ аҳоли ўз ватанини тарк этиб, Британияга ишлашга кетяпти

Нега айнан Британия?

“Вьетнамлик муҳожирлар учун Британия Европадаги энг оммабоп йўналишлардан бири”, дейди Оксфорд университетидан сиёсий социология бўйича ўқитувчи Брукс Тамзин Барбер.

“Улар Британияга келишса, тез орада иш топиш ва катта қисмини Вьетнамдаги оилаларига жўнатиш учун етарли маош олишлари мумкинлигини тушунишади”, дейди у.

Шунингдек, Британияда анчагина катта ва уюшган вьетнамликлар жамоаси бор. Улар бу ерга янги келган ватандошларига бошпана ва иш топишга ёрдам беради.

Вьетнамдан эндигина келганларни вьетнам емакхоналари ва гўзаллик салонларида бажонидил ишга қабул қилишади. Марихуана сотиш билан шуғулланадиган ноқонуний тармоқларда ҳам бундай ишчиларга талаб бор.

Вьетнамлик муҳожирларнинг катта қисми жисмоний меҳнат – балиқчилик саноати, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, мавсумий ва вақтинчалик ишлар билан шуғулланади. Ўзининг кичик, хусусий ишига эга бўлганлар ҳам бор. Баъзилар эса ишсиз қолади.

Барбернинг сўзларига кўра ҳозирда паст малакали ишчилар Ветнамдан Британияга келиши учун ҳеч қандай қонуний йўл мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам муҳожирларда хавфли саёҳатга чиқишдан бошқа танлов йўқ, деб қайд этади мутахассис.

Британияга келиш қанчага тушади?

Мимми Вунинг айтишича, Европага боришни истаганлар анча катта миқдорда пул тўлаши керак бўлади. Аммо бу миқдор вазиятга қараб ўзгариб туради.

Камбағаллар 10-15 минг доллар тўлайди. Уларнинг олдида анча машаққатли йўл туради, унинг бир қисмини пиёда босиб ўтишга ҳам тўғри келиши мумкин. Масалан, тунда ўрмонлар орқали шундай ўтилади.

Ким ўзи учун 40-50 минг доллар тўлашга тайёр бўлса, контрабандачилар уларга самолёт учун чипта олиб беришади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 40 минг доллар жамғариш учун Вьетнамнинг бир қишлоғида яшовчи киши қарийб 30 йил ишлаши керак.

“Бу астрономик миқдордаги катта маблағ. Аммо баъзи оилалар Европага етиб олиб, болалари учун яхшироқ келажак ҳозирлаш учун шунча пулни тўлаш ўзини оқлашига ишонади. Вьетнамда оила муҳим. Шунинг учун ҳамма ўз оиласи учун ҳаракат қилади”, дейди Мими Ву.

БМТ маълумотларига кўра контрабандачилар ветнамлик муҳожирларни Европага ноқонуний олиб кириб қўйиш эвазига бир йилда тахминан 300 миллион доллар атрофида пул ишлашади.

Вьетнамликлар йўлкира учун пулни оиласи ва танишларидан олишади. Баъзилар эса ўта юқори фоиз эвазига судхўрлардан қарз олади.

Европага етиб олиш режаси амалга ошмаган тақдирда бунга яна бир бор уриниб кўриш ажабланарли эмас. Чунки бу улар учун судхўрдан олган қарзини тўлаш учун ягона имкониятдир.

Барбернинг айтишича, баъзилар контрабандистларга пул бериш учун ўз ерлари ва кўчмас мулкларини ҳам сотади.

Вьетнамликлар мана шундай қалтис ишга қўл урганининг сабаби улар Европага боришни оиласини доимий таъминлаш имкони деб кўрганлигидир, дейди мутахассис.

Улар Британияга қандай етиб боришади?

“Вьетнамликларни Европага ташиш билан шуғулланадиган контрабандачилар уларга икки хил вариант таклиф қилишади: “юқори даражали” ва “тежамкор” сафар”, дейилади Буюк Британиянинг қулчиликка қарши мустақил назоратчиси ҳисоботида.

“Юқори даражали” вариантда йўл анча хавфсиз ва қисқароқ вақтни олади, бу одатда тўғридан-тўғри парвозлар бўлади.

Бир ҳолатда айни шу вариант асосида пул тўлаган кишига Шенген ҳудудининг бизнес визасини расмийлаштириб, Парижгача чипта олишган, унга Францияда ижарага уй олишган.

Лекин ким “тежамкор” вариантини танласа, сафари бир неча ой давом этиши мумкин.

“Аммо сиз қайси тоифа учун пул тўлаганингиз муҳим эмас – барибир, йўлнинг охирида Британия чегарасини кесиб ўтиш учун юк машинасининг юкхонасида ўтиришингизга тўғри келади”, дейди Мими Ву.

Британияга йўл олган Вьетнам фуқароларининг катта қисми Россия ва Шарқий Европа орқали ўтади. Кўплаб муҳожирлар эса Хитой орқали ҳам юради.

Хитой, Россия, Полша, Германия ва Франция – Британияга борувчи вьетнамликлар учун транзит мамлакатлардир.

Йўлга чиққанларнинг кўпчилиги мана шу мамлакатларда, масалан, Полша ёки Украинада ҳам иш топиб бир муддат қолиши мумкин. Улар йўлнинг кейинги қисмига пул жамғариш, ёки контрабандачиларга аввалги қарзларини тўлаш учун шундай қилишади.

Йўлнинг сўнгги бўлаги – Франциядан Британияга ўтиш. Бу ерда муҳожирлар контрабандачиларга ўзларини портда турган юк машиналарига унинг ҳайдовчиси ҳам кўра олмайдиган қилиб жойлаштиришлари учун пул тўлашади.

Британия Ички ишлар вазирлигининг яқинда чиққан ҳисоботига кўра контрабандачилар ўзлари Британияга олиб келган Вьетнам фуқароларини қуллик шароитида ишлашга мажбурлагани ҳақида далиллар бор.

Ноқонуний муҳожирлар Европага бориш йўлида тез-тез зўравонликларга учраб туради. Аёллар ва қизлар жинсий зўрвонликка мажбурланадиган ҳолатлар ҳам бор.