Хитой учун яна бир синов келяпти: чигирткалар ҳужуми

Хитой учун яна бир синов келяпти: чигирткалар ҳужуми

Фото: Яндекс

ХХР қишлоқ хўжалиги ва яйлов масалалари бўйича давлат бошқармаси мамлакат жануби-ғарби ва шимоли-ғарбида жойлашган ҳудудлардаги деҳқонларни яқин вақт ичида содир бўлиши мумкин бўлган чигирткалар ҳужуми ҳақида огоҳлантирди. Идоранинг баёнотида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирини камайтиришга ҳаракат қилиниши қайд этилган, дейилади “ТАСС” хабарида.

Баёнотга кўра, 2020 йилнинг дастлабки икки ойида чигирткалар Африканинг бир нечта мамлакатлари иқтисодиётига жиддий зарар келтирган. Жануби-ғарбий Осиё давлатлари ҳам хавф остида қолган, Хитойга ҳам ҳашаротлар оқими кириши мумкин.

“Масала ишлаб чиқариш хавфсизлигига боғлиқ ва унинг ечимига бор диққат-эътиборимизни қаратишимиз лозим”, – дейилади ҳужжатда.

Расмий маълумотларга кўра ХХРда чигирткалар ҳар йили тахминан 10 миллион гектаргача бўлган майдондаги экинларга зарар келтиради. Чигирткалар билан курашда катта тажриба ва ишлаб чиқилган технологиялар борлигига қарамай Хитой ҳашаротларнинг Ҳиндистон ва Покистон ҳудудига ўтиши мумкинлигидан хавотирда.

“Якунда Хитой хавф остида қолмоқда. Вазиятни назорат қилиш учун мамлакат ҳудудлари келишилган чора-тадбирларни амалга ошириши лозим. Ахборот алмашинуви ва янги технологиялар билан ўзаро ҳамкорлик асосида ушбу хавфга қарши курашиш керак” , – дейилган баёнотда.

Чигиртка бир сутка ичида 120 километр масофани босиб ўта олади. Катта чигирткалар оқимида бир ярим миллиардгача урғочи ҳашаротлар йўлида учраган ҳар қандай ўсимликни еб битириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Хитойда тарқалган коронавирус бутун дунёда катта ваҳималарни келтириб чиқармоқда.