Ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зидлиги айтилди

Ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш “Рақобат тўғрисида”ги қонунга зидлиги айтилди

Аввалроқ, Маданият вазирлиги томонидан билдирилган таклиф асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинганини маълум қилган эдик.

Ўзбекистонда ягона электрон чипта сотиш портали жорий этилади

Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тегишли таклиф ва эътирозлар билдирилди ва белгиланган тартибда лойиҳа ишлаб чиқувчига юборилди.

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги кунда республикамизда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan Аirwауs” АЖ, “Ўзавтовокзал сервис” ДУК томонидан онлайн чипталар сотиш, шунингдек, интернет тармоқлари орқали кино, театр, концерт ва спорт тадбирлари учун онлайн чипталар сотиш йўлга қўйилган ва самарали фаолият юритмоқда.

“Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқейини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бу соҳада хусусий тадбиркорлик фаолияти яхши йўлга қўйилганлиги ва соҳа жадал ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, қўшимча янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилди.

Шунингдек, лойиҳада барча мавжуд чипта сотиш ахборот тизимларини яратилаётган янги Портал билан мажбурий интеграциялашни таъминлаш топширилган. Ушбу талаб ҳам “Рақобат тўғрисида”ги қонунига зид бўлганлиги сабабли чипта сотиш ахборот тизимларини ихтиёрийлик асосида Портал билан интеграциялаши мумкинлигини кўзда тутиш лозимлиги хулосаси берилди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, қарор лойиҳасидаги айрим нормалар юқорида кўрсатилган давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид равишда киритилганлиги сабабли мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш ва операторни белгилашни рақобат тамойиллари асосидаги тартиботлар (танлов, тендер) орқали амалга оширилиши таклиф этилди“, дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарида.