Янги туғилган чақалоқ вазнининг оғир бўлиши соғломлик белгисими?

Янги туғилган чақалоқ вазнининг оғир бўлиши соғломлик белгисими?

Юртимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оналарнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Аммо ҳанузгача кўпчилик оналар орасида репродуктив саломатлик борасида етарлича тушунча йўқ. Бу ҳақда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Марғуба Расулова Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан суҳбатда маълумот берди.

Савол: Оналик ва болалик билан боғлиқ асосий муаммолар репродуктив саломатликка амал қилмаслик натижасида келиб чиқмоқда. Репродуктив саломатлик ўзи нима, айни пайтда унга риоя қилиш аҳоли орасида қай даражада?

Жавоб: Репродуктив саломатлик бу — репродуктив тизимдаги касалликларни (бепуштлик, турли нуқсонлар, рак ва рак олди касалликлари) бартараф этиб, соғлом бола туғилишига эр-хотин жуфтликларини тайёрлабгина қолмай, балки туғилган зурриётни жисмонан бақувват, ақлан зукко, ижтимоий баркамол авлод этиб тарбиялашга замин яратишдир. Репродуктив саломатликка риоя қилмасликка бир неча омилларга сабаб бўлиши мумкин. Булар:

  • эр-хотинларда сурункали ноинфекцион ва гинекологик касалликларнинг мавжудлиги;
  • туғруқлар орасидаги 3-3,5 йиллик оралиқ сақланмаслиги;
  • 20 ёшга етмай ёки 35 ёшдан ошиб фарзанд кўриш;
  • қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ;
  • кам таъминланган, ночор оилалардаги етишмовчиликлар;
  • нотинч, жанжалли оилалардаги салбий муҳит.

Репродуктив саломатликни яхшилаш учун юқорида саналган хавф омилларини камайтириш, репродуктив ҳуқуқ — яъни, эр-хотинларни болалар сони, улар туғилишидаги оралиқ, уларнинг туғилиш вақти, замонавий контрацепция воситаларидан фойдаланиш, болани кўкрак сути билан боқишга эътибор бериш ва бунинг учун шарт бўлган маълумот ва воситаларга эга бўлиш борасида асосий ҳуқуқларини хабардор бўлиш керак.

Савол: Оналарда тиббий маданиятнинг юксак бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак?

Жавоб: Ҳар бир онанинг тиббий маданияти юқори бўлиши керак. Чунки соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом оилани шакллантириш масалалари репродуктив саломатлик билан узвий боғлиқ. Тиббий маданияти юқори бўлган онанинг фарзанди ҳам ҳар доим соғлом бўлади. Бундай оналар боласини эмлаш календари бўйича оилавий поликлиникага олиб бориб, ўз вақтида эмлатади ва юқумли касалликлардан сақлайди. Болани ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига ўргатиб, гижжа касалликларидан асрайди. Болага тиш ювиш маданияти, овқатланиш ва шахсий гигиенани сақлашни ўргатиб боради. Болага бор эътиборини қаратиб, эртаклар айтиб, ўйинчоқлар ўйнатиб, китоб ўқиб, расм чиздириб), уни интеллектини ривожлантиради. Она касалманд бўлгач, болани боқишга, уни тарбиялашга кучи ҳам, вақти ҳам етмайди. Оналик маданиятининг муҳимлиги шундаки, бу бола билан бирга онанинг ўз-ўзини ҳам тарбиялаб, уни оилавий саломатликнинг асосий сабабчисига айлантиради.

Савол: Янги туғилган чақалоқ — янги бир ҳаёт. Кўпчилик оилалар бола қанча оғир вазн билан туғилса, шунча яхши, шунча соғлом бўлади, деб ўйлашади, шу тўғрими?

Жавоб: Янги туғилган чақалоқнинг вазни 2,5 килограммдан 4 килограммгача бўлиши керак. Ҳомиланинг ўсмай қолишига кўплаб сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, бачадон ичи инфекцияси, туғма нуқсонлар, ирсий омиллар, қон қуюлиши ва ҳоказолар. Ҳомила вазнининг ошиб кетиши кўпинча ота-онанинг тиббий ҳолатига, улардаги метаболик ўзгаришлари, айниқса, ҳомиладорлик пайтида қандли диабетнинг ривожланишига боғлиқ. Буни нормаллаштириш учун улар касалликни келтириб чиқарувчи хавф омилларидан ўзларини асраши ва вақтида даволаниши керак.