Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогер мулоҳазалари: Дам бу дамдир...
6.08.2017 19:17,  
76

Биламан, сиёсат борасида сўз очиш жуда ва жуда нозик масала. Энг камида, «Шум бола»дагидек самоварингиз портлаб кетиши мумкин smiley

Аммо ҳар ким ўз қумғонининг қайғусида яшайверса, халқнинг қозони қайнаши учун холис ният билан бир чўп келтиришга ҳам ярамаса... бу кетишда охир-оқибатимиз нима кечади, авлодларимиз кимларнинг қўлида қўғирчоқ бўлади?! Бир умр ўзгаларнинг ўчоғига ўтин бўлишдан бошимиз чиқмай қолмайдими!?

Бугун Ўзбекистон учун янги давр бошланди. 

Ҳамма нарса ўзгаряпти: ҳаёт, жамият, иш, турмуш, ОАВдаги чиқишлар... ҳамма-ҳаммаси. Айни дам Ўзбекистонда эмасман. Аммо таниш-билишлардан, интернет, ижтимоий тармоқлар воситасида диёримиздаги эврилишларни узоқдан бўлса ҳам кузатиб боряпман.

Сафарга ҳозирланиб юрган кезларим айтишганди: «Жуда ҳам зўр даврда кетаяпсан-да». Ҳа, ҳамкасбларим ишнинг аввалида бўладиган, асосий масъулиятни зиммасига оладиган, бунинг учун йўл очилган пайтда... қизғин жараёнда юртимда бўлмаслигим ўзимга ҳам ич-ичдан алам қилиблар кетади, гапнинг очиғи!

Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари яқин ўтган даврда кимнингдир қўлидаги қалам бўлиб келган эса, бугун қаламни тутган қўл бўла олиш эркига эгалар. 

Аммо, ўрни келганда айтиб қўяй, қалам тутиш учун эркнинг ўзи камлик қилади. Ҳаётдан англаган ҳақиқатларимдан бири шуки, ижодкор бўлиш учун, аввало, ҚАЛБ керак! Дунёни бошқалар чаплаган бўёқда эмас, Ал-Холиқ вал-Мусаввирнинг жон ва жило берган асл рангида кўра оладиган басират кўзига эга мусаффо қалб керак!

Мавзуга қайтамиз. Чорак аср қайнаган қозоннинг қопқоғи очилди. Қарасак, ҳаётимиз биз ишонганимиздек, кўкларга кўтариб мақтанганимиздек эмас экан. Олам-жаҳон муаммоларимиз бор экан. Кеча бу муаммолар ҳақида бир киши пичирлабгина гапирган бўлса, бугун минг бир ботир чиқиб бақиряпти, ҳайқираяпти. 

Фақирни ўйлантирган нарса ҳам мана шу, бақир-чақирлар. Бундай шовқин-суронлар тарозида тош босадими? Бу билан нимага эришамиз, шундан гапиринг?! Қалашиб қолган муаммою мушкилотлар учун кимгадир айб тақаш, кимнидир ёмонотлик қилиш, ур-йиқит билан, чигалларимиз ечилиб, ҳаётимиз ўнгланиб қолармиди?!

Азизларим, ҳамюртларим, миллатдошларим, маслакдошларим! Олдимизда ягона мақсад бор, ягона вазифа бор - Байроғимиздаги Ҳилолга, Юлдузларга ҳаёт бериш!

Давлат деганингиз катта бир механизм. У биздан, сен, мен... ҳар биримиздан ташкил топган. Биз ишласак, у ишлайди. Биз бузилсак, у ҳам носоз бўлади. Мамлакатни ислоҳ қилиш, жамиятни тузатиш -- ўзимизни ўнглашдан бошланади! Бу қуёшдек порлаб турган очиқ-ойдин ҳақиқат.

Кеча ҳаётимизда рутубат бўлган эса, ўзимиз ана шу ҳаётга лойиқ бўлганмиз. Айбни кимдан ёки кимлардангина эмас, ўзимиздан қидирсак, айни адолатдан бўлади.

Яшашни билмаганмиз.

Курашишни билмаганмиз.

Ишлаш, ишлатишни билмаганмиз.

Тарбияланиш ва тарбиялашни билмаганмиз.

Талабга жавоб беришни ҳам, талаб қилишни ҳам билмаганмиз.

БИЛМАГАНМИЗ, БИЛМАГАНМИЗ!..

Кўниб-кўникиб, мослашиб кетаверганмиз.

Ҳақнинг, ҳақиқатнинг қаршисида бош эгиб, ноҳақликлар қаршисида бош кўтариб, бошимизни тик тутиб тура олишимиз керак эди. Аммо, афсус ва надоматларки, биз кўпинча бунинг аксини яшадик!

Энди эса Каримов ёки каримовларни айблаш билан виждонимиз покланиб, ҳаётимиз ўнгланиб қолмайди. Айб ҳаммамизда бор эди. Агар хабарингиз бўлса, халқаро тажрибаларда асосий эътибор айбдорга қаратилмайди, муаммони келтириб чиқарган сабабларга қаратилади ва муаммо бартараф этилади. Айбдор огоҳлантирилади, хулоса чиқармаса, кейин керакли чора кўрилади.

Агар кечамиздан тўғри хулоса чиқарсак, кимнидир маломат қилиш ва кимгадир мақтов-мадҳия айтишда ҳаддимиздан ошмаган бўлар эдик. 

Ҳар қанча маломат тошини ёғдирманг, ўтган одам қабридан чиқиб келиб, хатоларини тузатиб, ҳақдорлар билан орани очиқ қилиб кетолмайди. Бу имконсиз! Бу Ҳисоб Кунига қадар ўзгармайдиган қудратли қонундир. Жуда чидолмай кетаётганлар, ноҳақ зулмга учраганлар, «Бизнинг ҳаққу ҳуқуқимиз, алам-изтиробларимиз қаерда қолади?» дейдиганлар бўлса, Илоҳий адолат бор, Қиёмат бор, ҳеч кимнинг ҳаққи ерда қолмайди. Сабр қилган савобини, жабр қилган жазосини муҳаққақ олади. 

Аммо, азизлар, бугун кеча билан яшолмаймиз! Ҳазрат Навоий айтганлар: 

«Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам, 
Не учунким, дам бу дамдир, дам бу дамдир, дам бу дам».

Бу дам Ислом Каримовдан бизга Ўзбекистон деган катта бир давлат қолди! Осмонимизда ҳаёт рангларини акс эттириб ҳилпираётган Байроқ, Ҳумо қуши қанот ёзиб турган Герб, бу кунларга ўлмай-нетмай, омон-эсон етиб келган Биз билан Сиз қолдик! Аҳволимиз атрофимизга нисбатан яхши бўлса-яхши, ёмон эмас.

Аллоҳга шукрни, сўнг бандага ташаккурни ҳам билиши керак эмасми банда?

Аммо шу ўринда айтиб ўтишим керакдир, Ислом Каримов сайланган охирги сайловда мен иймон-эътиқодли деб ўйлаганим бошқа кишига овоз берганман. Нега дейсизми?

Халққа, хусусан, диндор халққа қилинаётган зулмни кўрганим учун, аёл-қизларимиз -- миллат оналарига рўмол ўрашни тақиқлаш, диний таълимни чеклаш, ибодатлардаги тўсқинликлар каби гуноҳи кабираларга шерик бўлиб қолишдан қўрққаним учун... Чунки бу каби оғир жиноятлар, бошида ким турса-турсин, кўз юмиладиган, кечириладиган, муроса қилинадиган, рози бўлинадиган ишлар сирасига кирмайди.

Лекин марҳумнинг халқи ва давлати манфаатларига қилган хизматларини инкор этишга ҳам виждоним, ички адолатим йўл қўймайди. Энг асосийси, марҳум Президентнинг орқасидан лой чаплаш халқнинг руҳиятига ижобий таъсир этади деб ўйламайман. Бундай тасарруф халқ маънавиятининг юқорилигидан ҳам дарак бермайди. Яна шуниси ҳам борки, хулоса чиқаришга ҳали эрта. Ислом Каримов фаолиятини чуқур ва холис ўрганиш, таҳлил қилиш -- олдимиздаги вазифа.

Айни дамдаги энг муҳим вазифамиз эса - бугун тўғри хулоса чиқариш, тўғри қарор қабул қилиш, тўғри юриш ва тўғрилик учун курашиш. 

Кечаги ва бугунги шароитлар ҳам, талаблар ҳам бир хил эмас, буни ҳам эътибордан қочирмаслик зарур. Кечаги Президент халқ хизмат қиладиган давлат ташкил этиб кетган бўлса, бугунги Президент халқига хизмат қиладиган давлат ташкил этиш учун куйиб-пишаётган кўринади.

Бу жараёнда халқ бир кишининг оғзига термулиб, томошабин бўлиб ёки мадҳиябозлик қилиб чапак чалиб туриши эмас, фаол иштирокчи бўлиши унинг Ватани олдидаги бурчидир!

Бу бурчларимиз нимадан иборат, алоҳида ва кенг мавзу. Ҳозирча шуни билсак кифоя, давлат деган механизмнинг соз ёки носоз ишлаши биз халқнинг тўғри ёхуд эгрилигимизга боғлиқ. Масъулиятли ёки лоқайдлигимизга боғлиқ. Халқни ўйлаймизми, халқумними, мана шунга боғлиқ. Энг асосийси, фарзандларимизга бераётган таълим-тарбиямизга боғлиқ.
Ўзимизни ўнгламасак, аҳволимиз ўнгланмайди, вассалом.

Ғолиб Баҳромнинг Facebook саҳифасидан

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан