Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мянма раҳбари роҳинжа мусулмонларига қарши геноцидни уйдирма деб атади
6.09.2017 17:22,  
21

Сешанба куни Туркия президенти ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Мянма давлат канцлери Аунг Сан Суу Чи ўртасида телефонда мулоқот бўлиб ўтган. Анадўлу агентлиги тарқатган хабарга кўра, улар Ракҳайн штатида юзага келган гуманитар инқироз ва роҳинжа мусулмонларига қарши давом этаётган хунрезликларни муҳокама қилишган.

Туркия раҳбари Мянмада роҳинжаларга қарши қўлланилаётган шафқатсизликдан норозилик изҳор қилган ва Мянма армиясининг хатти-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти, жумладан, мусулмон мамлакатларни қаттиқ ташвишга солаётганини маълум қилган. Эрдўғон ва Суу Чи Ракҳайнга инсонпарварлик ёрдами етказиш, гуманитар инқирозга барҳам бериш ва терроризмга қарши кураш масалаларини ҳам муҳокама қилишган.

Ўз навбатида Мянма канцлери Ракҳайнда роҳинжалар геноцид ​ қилинмаётганини таъкидларкан, «террорчилар»ни Мянма армияси ҳақида ёлғон ахборотлар тарқатишда айблаган. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, БМТ ва мусулмон мамлакатлар ҳукуматларининг кескин танқидларига қарамасдан, тинчлик бўйича 1991 йилги Нобел мукофоти соҳиби тинч аҳолига қарши шафқатсизлик қўлланилганини рад этган.

Мянмада 25 август тунида полиция постларига АРСА исёнчилари ҳужум қилиши билан бошланган ҳарбий ҳаракатлар натижасида 400 дан ортиқ киши қурбон бўлган. Ҳарбийлар тинч аҳолини ўлдириш, қишлоқларга ўт қўйиш ва роҳинжаларни уйларидан ҳайдаб чиқаришда айбланган. Сўнгги ўн кун давомида Ракҳайндан қўшни Бангладеш ҳудудига 126 мингдан ортиқ роҳинжалар қочиб ўтган. Бундан ташқари, Мянма аскарлари Бангладеш билан чегарани миналаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мянма армияси мазкур хабарларни рад этувчи баёнот эълон қилган.

Сешанба куни БМТ бош котиби Антонио Гутерреш Мянмада “этник тозалаш” ва минтақавий нотинчлик хавфидан огоҳлантирган. БМТ баёнотида тинч аҳолига қарши хунрезликлар «гуманитар ҳалокат»га айланиши мумкинлиги ҳам таъкидланган. Мянма ҳукумати эса айбловларни рад этишда давом этмоқда.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан суҳбатда Аунг Сан Суу Чи «террорчилар томонидан уйдирма хабарлар тарқатилаётгани»ни эътироф этар экан, Туркия бош вазири ўринбосарининг Твиттердаги саҳифасида Мянмага алоқадор дея бошқа суратлар эълон қилинганини ҳам маълум қилган. Мянма канцлери ҳукумат томонидан Ракҳайндаги барча тинч аҳолини ҳимоя қилиш аллақачон бошланганини иддао қилган.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда Мянмада роҳинжа мусулмонлари геноцид​ қилинаётгани ҳақидаги хабарларда Мянмага алоқадор бўлмаган суратлар ҳам тарқалган. Бу ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудга халқаро ва мустақил кузатувчилар ҳамда инсонпарварлик ёрдами киритилмаётгани билан изоҳланмоқда. Ҳуқуқ ташкилотлари роҳинжа қочқинларининг гувоҳликларига таяниб, Мянмада “этник тозалаш” бўлаётганини эътироф этишмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан