Жаҳоннинг энг гўзал мамлакатлари аниқланди

10.09.2017 | Жаҳон | 3220

“Ҳар кимга азиз туғилган жойи, тоғлари боғи тупроғи, лойи”, дея ҳамма ўз юрти гўзаллигини таъкидлайди. Бироқ жаҳонда шундай рейтинглар борки, саёҳатчилар учун чиройли мамлакатлар рўйхатини тузиб беради. Rough Guide сайёҳлар йўлкўрсаткичи Шотландияни жаҳоннинг энг гўзал мамлакати деб топди.

Халтасурнай ва эркакча юбкалари билан танилган Шотландиянинг чўмилиш соҳиллари, чуқур кўллари ҳамда қоялардаги қалъалари диққатга сазовор жойлар сирасига киритилган.

Рўйхатнинг иккинчи қаторида Канада давлати бўлиб, улардаги дарахт кесувчиларнинг уйлари, сув қундузи ва заранг шарбати эътироф этилган.

Гўзал мамлакатлар учлигида Янги Зеландия ҳам бор. Зеландия ўз номига мувофиқ яшил тепаликлари, улуғвор тоғлари, турфа хил манзаралари билан ажралиб туради.

Сайёҳларни ўзига жалб этувчи қадимий Италия тўртинчи ўринда. Бешинчида Жанубий Африка Республикаси бўлса, табиий ландшафти ҳамда турфа маданиятларни ўзида жам қилган Индонезия олтинчи қатордадир. Рейтингнинг еттинчи қатори Англияга насиб этган. Саккизинчида қора пляжлари ва иссиқ сувли булоқлари билан ном қозонган Исландия. Тўққизинчида АҚШ ва ўнликчи Уэлс давлати якунлайди.

Чиройли мамлакатлар йигирматалигида Словения, Мексика, Ҳиндистон, Финляндия, Швейцария, Перу, Норвегия, Ирландия, Хорватия ва Вьетнамни ҳам учратиш мумкин.