Россия армиясининг Суриядаги урушдаги иштирокига чек қўйилиши мумкин

23.09.2017 | Жаҳон | 3071

“Яблоко” партияси Россия Федреациясининг «Мудофаа тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқди, дея хабар бермоқда Russian Today​ телеканали.

Сешанба куни “Яблоко”нинг интернетдаги саҳифасида эълон қилинган баёнотда айтилишича, партия мудофаа қонунига янги модда қўшиш таклифини илгари сурмоқда. Лойиҳага мувофиқ, хориждаги ҳарбий ҳаракатлар 60 кундан ошиб кетмаслиги тўғрисидаги чеклов ва Россия ҳарбийларининг ҳарбий амалиётларсиз хорижда сақлаб туриш муддатини бир йил қилиб белгилаш режалаштирилган. Ушбу муддатларни қайта чўздириш учун эса президент Федерация Кенгашидан рухсат олиши лозим бўлади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, армиядан мамлакат ҳудудидан ташқарида фойдаланиш учун парламентнинг юқори палатаси – Федерация Кенгаши тасдиғи зарур бўлади. «Мудофаа тўғрисида»ги қонунда хорижда ҳарбий ҳаракатлар бошлаш учун бир қатор шартлар лозимлиги белгиланган.

Жумладан, хориждаги рус ҳарбийларига ҳужум қилиниши, иттифоқчи давлат томонидан ҳарбий кўмак сўралиши, қуролли низодан жабр кўрган Россия фуқароларини ҳимоя қилиш ва денгиз йўлларини қароқчилардан ҳимоя қилиш зарурати туғилган тақдирда Россия ҳарбийлари хориждаги ҳарбий амалиётларда иштирок этиши мумкин.

Бундан ташқари 2006 ва 2009 йилларда қабул қилинган қонунлар Россия президентига армиядан хорижда терроризмга қарши кураш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ваколатини беради. “Яблоко” партияси армиядан бошқа мамлакат ҳудудида фойдаланиш бўйича президентнинг ваколатларини чеклашга аҳд қилган.

Агар таклиф қилинаётган ўзгартириш қабул қилинадиган бўлса, Суриядаги фуқаролар урушида Россия армиясининг иштироки эртароқ тугаши мумкин. У ҳолда президент Путин Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун ҳар 60 кунда парламент рухсатини олиши лозим бўлади. Россия аҳолиси ўртасида армиянинг Суриядаги урушга аралашувидан норози аҳоли тобора ортиб бораётгани эса яқин келажакда янги ваколатга эга бўлиши мумкин бўлган парламентда Суриядаги сиёсат бўйича президент билан ҳамфикрлар сони камайиши мумкинлигидан дарак беради.

Аммо федерация Кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раҳбари ўринбосари Франтс Клинтсевич “Яблоко”нинг ташаббуси амалга ошишига шубҳа билдирган. Унинг айтишича, дунёда давом этаётган нотинч шароитда армия тизгинини президентнинг қўлидан парламентга топшириш яхшиликка олиб бормайди. Эслатиб ўтамиз, Россия авиациясининг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари Башар Асаднинг ҳарбий ёрдам сўраши ортидан 2015 йилнинг сентябр ойида бошланган эди.