КХДРда ҳибсга олинган АҚШ талабасининг ўлими сабаблари эълон қилинди

02.10.2017 | Жаҳон | 4246

АҚШда Отто Уормбирнинг ўлими сабабларини аниқлаш бўйича тиббий экспертиза якунига етди. У Шимолий Кореядаги қамоқхонада 17 ойни ўтказганидан кейин ҳаётдан кўз юмганди.

2016 йилнинг январида Уормбир Пхеньяндаги меҳмонхонадан тарғибот плакатини ўғирлагани учун КХДР маъмурияти томонидан 15 йилга меҳнат лагерига ҳукм қилинган эди.  Тез орада эса, шифокорларнинг сўзларига кўра, комага тушган.

2017 йилнинг июнида Уормбир АҚШга қайтариб олиб келинди, бироқ бир неча кундан кейин ўзига келмасдан вафот этди. Унда кўплаб бош мияси тўқималари нобуд бўлгани аниқланган.

Чоршанбада экспертизани ўтказган коронер Лакшми Саммарко танани ёриш бўйича расмий хулосани эълон қилди. Унда айтилишича, 22 ёшли талаба мияда кислород етишмаслиги натижасида ўлган.

Коронернинг фикрича, бунга бир нечта омиллар сабаб бўлиши мумкин. Оттога айнан нима бўлганини эса қўлдаги далиллар билан аниқлашнинг иложи йўқ.

Шимолий Корея ҳукумати пайшанба куни расмий баёнотини эълон қилди. «Уормбир шак-шубҳасиз ҳеч қачон қийноқларга солинганмаганини нафақат уни КХДРга келиб кўрган ва текширган америкалик врачлар, балки  унинг АҚШга қайтиб борганидан кейин экспертиза қилган инсонлар ҳам аниқлаган» - дейилади хабарда.