Ўзбекистонда "КАМАЗ" машиналари йиғилади

03.10.2017 | Ўзбекистон | 2977

"КАМАЗ" ОАЖ Ўзбекистонда юк машиналарини йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб маълум қилди республика бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Россия нисбатан қисқа муддат ичида автомобил ишлаб чиқариш бўйича саноат кооперациясида яхши натижаларга эришди.

"Ўзбекистонда оғир тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва "КАМАЗ"нинг бош заводига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қисмларни етказиб бериш бўйича "КАМАЗ" ОАЖ билан келишувга эришилди", — деди у.

Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ҳам республикада Россия оғир техника ишлаб чиқарувчисининг самарали фаолият кўрсатишига умид билдирди.

"КАМАЗ" билан ҳамкорликда ҳар хил турдаги оғир автомобиллар ишлаб чиқаришни мўлжалламоқдамиз. Бу ўзаро савдо муносабатлари ривожланишига туртки бўлади, зеро бу лойиҳалар орқали бутловчи қисмлар, ускуна ва технологиялар етказиб бериш бошланади", — деди Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, "КАМАЗ" бренди Россиянинг йирик автомобил корпорацияси бўлиб, унинг Россия автобозоридаги улуши 50 фоиздан ортиқ.

"КАМАЗ — Мастер" жамоаси Париж-Дакар раллисда 13 марта ғалаба қозонган ва уч марта жаҳон чемпиони бўлган.

Ҳозирда корпорация 40дан ортиқ моделда юк автомобиллари, тиркамалар, автобуслар, тракторлар, двигател, куч агрегатлари ишлаб чиқаради.

"КАМАЗ"жаҳоннинг оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи 20та етакчи компаниялари рўйхатига киради.