Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогер: I need a doctor
21.10.2017 22:36,  
7

   Кўчанинг бўйида турибман. Аксига олиб ҳеч мошина тўхтамаяпти. Ярим соатдан ўтди, кўчани бўйи одамга тўлиб кетган. Уйдан чиқаётганда “обетгача битираман” деб хомхаёллар билан чиққан эканман. Кейин билсам йўлда лицензияга туришибди экан, ичида хайдовчидан бошқа одам бўлса тўхтатишяпти экан. Сал кейинроқ борадиган жойимга гадойтопмас йўллардан олиб борган таксист айтиб берди. Униям ушлашибди. Қанақадир қўрқинчли рақамлардан иборат жаримага тортишибди. Энди йиғламсираб қарғаб кетаяпти.

 - Ука, мен шопир одамман. Ўша лицензияси сал бўлсаям реалний нарса бўлганда мана мен биринчи олардим. Ҳеч иложи йўқ. Фойда қолмайди, минусга ишлайсан.

   Мени ўзига тортган жиҳати у айнан уни жаримага тортган ДАН ҳодими билан Солиқни вакилини қарғаяпти. Айнан ўша одамларга лаънат ўқияпти.

Кейин ўйлаб қолдим. Одамлар ростданам шунақа. Гўштни нархи ошса, уни сотаётган қассобни айбдор қилади. ДАН ҳодими тўхтатиб лицензия сўраса, айнан уни айбдор қилади. Уннинг нархи ошса - дўкончи. Картошканинг нархи ошса - дўкончи. Шакарнинг нархи ошса - дўкончи. Сергеев гол уролмаса, Сергеевни айбдор қилади.

   Зўр-а? Қорахатни олиб келган почтальон айбдор бўлган аввалдан. Айнан урушни ташкилотчилари эмас. Монополияни яратиб қўйган одамлар айбдор бўлмайди. Улар кимлигиниям билмай қолади халқ. Менгаям қизиқ-да монополияни эгалари қанақа одамлар эканлиги. Балки у одамлар жуда яхши одамдир ҳаётда? Болаларига жудаям тўғри тарбия берар. Болалариям жудаям бир ҳавас қиладиган одамлар бўлиб катта бўлишаётгандир. Балки 2-3 та қўшнисига ёрдам ҳам бергандир. Қўшнилари, ён – атрофдагилар учун ўрнак бўладиган оилалардир? Ҳаж амалини олтинчи марта адо қилиб, масжидларда биринчи қаторда ўтиришар.  

  Зўрку! Хеч кимга ёмонлик қилмаяпти-ю? Шунчаки, қанақадир бизнеси бор. Ўша бизнесини йўқотиб қўйишдан қўрқиб тиш – тирноғи билан ёпишади. Лекин ёмон одаммас. Бировга ёмонлик қилмайди. Шунчаки, уларнинг бизнесини деб халқ озгина қийналади. Озгина навбатда туриб шакар олади. Озгина нархи ошган ун олади. Овқатга озгина камроқ картошка қўшишади. Бу вақтда улар кимгадир ёрдам қилаётган бўлади. Чевараси учун участка қуришни бошлаворган бўлади. Қандай яхши бобо. Қандай ғамхўр бобо.

   Ҳаёт бир текисликдан иборат эмас. Уларниям ўзига яраша ғам-ташвишлари бор. Баъзида эконом-классда учишга мажбур бўлиб қолишади. Айфон 8 чиққанига икки ой бўляпти, лекин невараси ҳалиям айфон 7 ишлатади. Баъзида улар танлаган тарвуз ҳам хом чиқади. Бир кам дунё.

  Бу пайтда эса акасидан қолган сумкани учинчи йилдирки мактабга тақиб кетаяпти қайсидир ўзбекни боласи. Бунинг нима алоқаси бор тепадаги бойга? У айбдорми? Ростданам нима алоқаси бор. Нималарни ёзяпман?

  Шопирнинг гапларидаям жон бор. Лицензия билан кира қилса, минусга ишларкан. “Демак нимадир қилиш керак. Лицензиянинг шартларини соддалаштириш керак. Бошқа давлатларда қанақа экан, ўшалардан намуна олиш керак. Нархларни одамларнинг топаётган пулидан келиб чиқиб қўйиш керак”. ..деб фақатгина сиз билан мен ўйлаймиз. Кабинетда бунақа қарор қабул қиладиганлар кўчада такси тўхтатмайди. Уларнинг ташқарисидан ичкариси кўринмайдиган мошиналари постлардаги махсус учинчи йўлакчалардан ўтиб кетади. Кўчада таксига ўтириб, шопирнинг дардини эшитмаганидан кейин қаердан билсин? Улардаям айб йўқ .

  Келинг, энди вазиятга солиқчиларнинг кўзи билан қараймиз. Куз. Пахта мавсуми. Эрталаб. Ҳамма автобуслар далага теримчиларни ташишга бириктирилган. (Ўзи автобуслар фақатгина Тошкент шаҳрида қониқарли даражада йўлга қўйилган. Вилоятларда биринчиси билан иккинчисини орасидаги вақтда бемалол пиёда етволса бўлади манзилга). Вазиятдан унумли фойдаланиш учун идеал вақт-ку ҳозир. Айнан мана шу вақтда лицензия талаб қиламиз. Кўчада автобус йўқ. Одамлар ишга, ўқишга бориши керак. Ҳамма таксига минади. Биз эса кутиб оламиз ўлжаларни. Ҳаммаси қўлга тушади. Биттаям қолмайди.

   “Хей барака топкур, шопирларни босишга босармиз, одамлар кўчада қолиб кетади-ю? Ишига, ўқишига кечикади-ю?” деб ўйлашмайди. Уларни мияси унақа чуқур ўйлашга мўлжалланмаган. Ёки шунчаки ўйлагиси келмайди. Тўғри-да, ундаям план бор. Планни бажариши керак. Ўзидан тепадагининг мақтовини эшитиб заряд олади. Статистика яхшиланади. Газетада расми чиқади.

   Бозорни ёпиш, қишлоқ жойларда дўконларни ёпиш, кўчаларни ёпиш, паркларни ёпиш, светни ўчириш. Тўйхоналарга босим ўтказиш. Буларнинг қаторига энди “лицензия”ни қўшсак ҳам бўлар а? Ажойиб. Буларни хаммаси сиз азизларнинг пахтага чиқишингиз учун қилиняпти. Лекин битта жойи ёпишмаяпти, пахтага чиқишимга светни ўчишини, бозорни ёпилишини нима алоқаси бор? Чиқмайдиган одам бозорни ёқворсаям чиқмайди-ю? Логика қани? Мунисанинг қўшиқларидан мантиқни излаш энг оғир нарса деб ўйлардим. Йўқ, мана шу “запрет”лардан мантиқ излаш унданам мушкулроқ экан.

rokkker.blogspot.com

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан