Ўзбекистон ўз йўловчи вагонларини қуради

25.10.2017 | Тиббиёт | 2579

Ўзбекистон ҳам Германия, Украина, Россия, Франция, Белорусь каби давлатлар қаторида йўловчи вагонлари билан жаҳон бозорига юз тутди, деб хабар берилди “Ўзбекистон темир йўллари” сайтида.

Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ илк маротаба “Made in Uzbekistan” тамғаси остида ўз маҳсулотларини экспорт қила бошлади. Йилдан-йилга йўловчи вагонларини қуриш жараёнлари тараққий этиб бормоқда, янги имкониятлар ишга солинаяпти. Марказий Осиёда ягона бўлган “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖда ҳам бу борада юксак натижаларга эришилмоқда. Жумладан, метро вагонларини таъмирлаш ишлари ўзлаштирилди, янги кўринишдаги йўловчи вагонлар ишлаб чиқарила бошланди. Жорий йилдан бошлаб эса корхона маҳсулотлари жаҳон бозорига чиқди.

2016 йилда Россия ва Қозоғистон давлатлари томонидан мамлакатимиз вагонсозлари ишлаб чиқараётган 61-911, 61-907 русумдаги плацкарт ва купе вагонларига қизиқиш катта бўлган эди. Жорий йилда эса улар учун мўлжалланган янги кўринишдаги қулай вагонларни ишлаб чиқаришга киришилди. Йил охирига қадар 5 та плацкарт ва яна шунча купе вагонларига буюртмалар келиб тушди. Бу борада жорий йилнинг июнь ойида жаҳон стандарти сертификати қўлга киритилди.

Мазкур вагонлар олдингисидан анча фарқ қилади. Бунисида йўловчилар учун бир қатор қўшимча қулайликлар яратилган. Жумладан, илк бор замонавий сув ва ҳавони тозалаш ускуналари ўрнатилди, ёритиш тизими бутунлай ўзгартирилди. Вагон ичини жиҳозлашда ёрқин ранглардан фойдаланилган. Иситиш ва совутиш тизимларининг замонавийлиги эса йўловчиларга қишнинг изғирин кунларида ҳамда жазирама ёзда ҳам мўтадил ҳавони таъминлаб беради. Вагонни тайёрлаш жараёнида йўловчиларнинг хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Замонавий дизайн буюртмачилар талаби асосида ишлаб чиқилди. Ушбу экспорт маҳсулотига заводнинг ўзида тайёрланган 68-922 ва 68-921 русумдаги тележкалар ўрнатилган. Бу эса вагоннинг текис ҳаракатланиши, ортиқча чайқалмаслиги, тез юришини таъминлаб беради. Яна бир эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, ушбу тележкаларни таъмирлаш бошқаларига қараганда, анча қулай ва осон. Корхонада ана шундай тележкалар 2011 йилдан буён ишлаб чиқарилиб, тайёрланаётган аксарият вагонларнинг ҳаракат қисмини худди шу русумдаги тележкалар ташкил этади. Илк 4 та вагон июль ойида буюртмачиларга жўнатилди. Йил охирига қадар қолган маҳсулотларимизни ҳам ўз эгаларига етказилади.