Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий банк: Қайта молиялаш ставкаси ўзгартиришсиз қолдирилди
27.10.2017 11:32,  
4

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ўзининг навбатдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз миқдорида қолдириш бўйича қарор қабул қилди, дейилади Марказий банк ахборотида.

Ахборотда макроиқтисодий ҳолат ва пул-кредит сиёсати таҳлили ёритиб берилган. Жумладан, 2017 йилнинг 9 ойи давомида пул-кредит сиёсати макроиқтисодий ҳолат, хусусан юқори инфляцион босим шароитларида амалга оширилди, дейилади.

Иқтисодиёт ва пул-кредит соҳасида шаклланган ушбу вазият, ички бозорда нархларнинг ўсиш суръатларини секинлаштириш ва инфляцион хатарларни чеклаш вазифалари Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини жорий йилнинг 28 июнидан йиллик ҳисобда 9 фоиздан 14 фоизгача оширишни тақозо этди.

Бу, ўз навбатида, банклараро пул бозорида ўртача фоиз ставкалари январь-июнь ойларидаги 8,1 – 9% фоиздан, III чоракда 12-12,2 фоизгача кўтарилишига замин яратди. Шу билан бирга, банклар томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкасини ўртача 2 фоиз банддан кўпроққа ошиши кузатилди.

Депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг динамикасида ҳам ўсиш ҳолатлари кузатилди. Хусусан, июль-сентябрь ойларида юридик ва жисмоний шахсларнинг жами муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 11,9 фоиздан мос равишда 12,9, 13,5 ва 15,2 фоизгача кўтарилди. Бунда ўсиш, асосан, юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича фоиз ставкаларининг биринчи ярим йилдаги ўртача 6,4 фоиздан 11,4 фоизгача кўтарилиши билан изоҳланади.

Кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг кўтарилиши асосан қисқа муддатли ресурслар бўйича фоизларнинг ошиши ҳисобига рўй берди.

Шу билан бир қаторда, Марказий банк томонидан самарали банк назорати, хусусан кредитлаш жараёнида тижорат банклари томонидан иқтисодий нормативларга қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси ўтган йилнинг мос даврига (2,2 фоиз) нисбатан юқори бўлиб, 7,8 фоизни ташкил этди.

Бунда, мазкур даврда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархларнинг ўртача ўсиши 7,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида 3,3 фоизга пасайган), ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 8,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 6,4 фоиз) ҳамда пуллик хизматлар бўйича тарифларнинг ошиши 7,0 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 7,0 фоиз) ташкил этди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кузатилаётган иқтисодий жараёнлар динамикаси давом этган ҳолда қатъий пул-кредит сиёсатининг сақлаб қолиниши жорий йилнинг IV чорагида монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини минимал даражага пасайтириб, ушбу давр учун дастлаб прогноз қилинган кўрсаткичларга эришиш учун қулай шароит яратиб беради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда миллий валютадаги активларнинг даромадлилигини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини таъминлаш ва иқтисодиётда пул таклифи суръатлари ўсишининг олдини олиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди, дея тушунтириш берилган Марказий банк ахборотида.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан