Ўзбекистон ҳукумати музейларни ривожлантириш бўйича 10 йиллик режани қабул қилди

18.12.2017 | Ўзбекистон | 2257

Ўзбекистон ҳукумати 11 декабрдаги қарори билан 2017−2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш дастурини қабул қилди.

Дастур мамлакатнинг барча ҳудудларидаги музейларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш режаларини ўз ичига олади. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» раиси Очилбой Раматов дастурлар ижросини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясига бошчилик қилади.

Ҳужжатга мувофиқ, миллий ва хорижий тажрибалар ҳисобга олинган ҳолда экспонатлар хавфсизлиги ва сақланишини яхшилаш, ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва имконияти чекланган шахсларнинг музейларга ташрифи учун шароитларни яратиш бўйича ишлар амалга оширилади.

Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Фарғона вилоятларида давлат музей-қўриқхоналари ташкил этилиб, Бухоро, Самарқанд ва Хивадаги музей-қўриқхоналар фаолият яхшиланади.

2018−2019 йилларда барча шаҳар ва туманлардаги маданият ва истироҳат марказларида ҳудудлар тарихи, маданияти, табиати ва одамлари ҳаёти ҳақида сўзловчи кўргазма-экспозициялар очилади.

7 та янги музей очилиб, 21 таси қайта ташкил этилади ва 33 та музей ёпилади (рўйхати — юқоридаги ҳаволада). Дастурни амалга ошириш учун 572,354 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.