Интервью: 20 йиллик тарихни янгилаган от шайдосининг муваффақиятга эришиш ҳикояси

19.12.2017 | Спорт | 2471

Декабрь ойининг бошида Гонконгда ўтказилган Осиё ёшлар от спорти чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган муваффақиятли спортчи Саидамирхон Турғунбоев билан қисқа суҳбат ўтказдик.

Қайд этиш лозимки, ҳамюртларимиз ўтган 20 йил давомида Осиё миқёсидаги бу каби нуфузли турнирларда илк маротаба иштирок этишди ва шоҳсупанинг юқори поғоналаридан биридан ўрин эгаллашди.

От спортига қизиқишингиз қачон пайдо бўлди ва неча йилдан бери профессионал тарзда шуғулланиб келасиз?

Оиламизда от спортига қизиқадиганлар ва шуғулланадиганлар кам эмас. Турғунбоевлар оиласида илк бор от спорти билан Достон акам шуғуллана бошлаган. Турли хил мусобақалар ўтказилганида мен томоша қилишга борар эдим ва шу туфайли менда ҳам қизиқиш уйғонган. 12 ёшимдан бери мазкур спорт тури билан шуғулланиб келаман. 4 йил ичида кўплаб мусобақаларда иштирок этдим; шаҳар чемпиони, Ўзбекистон чемпиони ютуқларига ҳам бир неча бор эришдим. Бу ютуқларимга акаларим сабабчи. Биз, Турғунбоевлар алоҳида БАБОС от спорти клубида машғулотлар ўтказамиз.

От спорти билан шуғулланишни ўзингиз истаганмисиз ёки ота-онангизнинг хоҳиши билан, босим остида бошлаганмисиз?

Ҳеч қандай босим бўлмаган. Илк бор машғулотларга отам ва амаким олиб боришган. Аста-аста ўрганиб, яхши натижаларни кўрсата бошлаганимдан сўнг қизиқишим янада ортиб борган.

Маълум бўлишича, декабрьнинг бошида бўлиб ўтган Осиё ёшлар чемпионатига 20 йилдан бери Ўзбекистондан спортчилар қатнашмаган. Бу мусобақага қатнашиш, ўз кучингизни синаб кўриш фикри кимдан чиқди, ким туртки берди?

Ҳеч ким туртки бергани йўқ. Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди ва 3 турдан иборат бу мусобақада ғалаба қозондим. Осиё чемпионатида ҳар бир давлатдан энг кучли спортчилар иштирок этди ва мен ҳам йўлланмани қўлга киритдим. Гонконгда Осиёнинг 25 нафар спортчилари орасида чемпионат ўтказилди. Текширув, финалга саралаш ва финал босқичлари бўлиб ўтди. Чемпионат якунида кумуш медаль соҳибига айландим.

Ноябрь ойида Қатарда ўтказилган мусобақа ҳақида қисқача айтиб бера оласизми?

Қатардаги мусобақага Ўзбекистон терма жамоаси билан қатнашдик. Мазкур мусобақада 100 дан ортиқ спортчилар иштирок этди. Бу мусобақада ҳам 2 ўринга сазовор бўлдим.

Олдин ҳам халқаро мусобақаларга қатнашганмисиз ёки бу сиз учун янги тажрибами?

Олдин ҳам Россия, Қозоғистон, Қирғизистонда ўтказилган халқаро мусобақаларга қатнашганман ва фахрли ўринлар эгаллаганман.

Мадинабону ПУЛАТОВА суҳбатлашди