Сергелидаги машина бозори Чинозга кўчирилдими?

23.03.2018 | Ўзбекистон | 3303

Халқ орасида Тошкентдаги Сергели машина бозори («Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар Сергели бозори» компанияси) Тошкент вилоятига кўчиралаётгани ҳақида гап сўзлар тарқалди.

Бу гап-сўзлар ҳақиқатга яқинми? Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ахборот хизмати бу ҳақда ЎзАга маълумот берди.

“Ҳақиқатан Сергелидаги машина бозори Тошкент вилоятининг Чиноз туманига кўчирилиши режалаштирилган. Бироқ, Чиноз туманида бозорга айлантирилиши керак бўлган ҳудуд талабга жавоб бермаганлиги боис, бозорни кўчириш қолдирилди. Чиноз туманида машина бозори учун мўлжалланган ҳудудни тартибга келтириш лозим. Бу эса ўз ўрнида вақт талаб этади. Айни дамда бозор қачон Чиноз туманига ўтказилиши маълум эмас. ”, дейди ахборот хизмати вакили.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Сергели туманида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш ва фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадларини кўзлаган. Туман ҳудудида жойлашган автомобиль бозори ортиқча тирбандликларга сабаб бўлиб, аҳолига қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шу мақсадда ҳукумат мазкур бозорни Тошкент вилояти ҳудудига кўчириш бўйича таклифларини берган. Mазкур таклифлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 июль куни Сергели туманига ташрифи доирасида муҳокама қилинган эди.