Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон ташқи сиёсатда қайси давлатларга эътибор қаратмоқда?
16.04.2018 01:48,  
23

Ўзбекистон ташқи сиёсати учун яқин келажакдаги устувор йўналишлар Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғриси»даги фармон юзасидан берилган иловада санаб ўтилган.

Миллий қонунчилик базасига киритилган бу ҳужжатда Ўзбекистон учун Марказий Осиё асосий устувор йўналиш эканлиги яна бир бор таъкидланади. Унда минтақада давлат чегараларини аниқлаштириш ишлари якунланишига, сувдан фойдаланиш муаммоси ҳал этилишига, минтақа халқлари ўртасида турли даражадаги алоқалар кенгайишига умид билдирилган. Яқин келажакда Қозоғистон билан ўзаро савдо айланмаси 5 миллиардга, Тожикистон билан 1 миллиардга, Қирғизистон ва Туркманистон билан 500 миллион долларга кўтарилиши кутилмоқда.

Россия билан муносабатларга ҳам катта урғу берилган. Иқтисодий алоқалар, транспорт, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, ҳарбий техник ҳамкорлик, меҳнат муҳожирларига доир имзоланган битим амалиёти ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларига оид бошқа муҳим йўналишларга эътибор қаратилган.

Ҳужжатга кўра, Россия билан гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаяди, жумладан, Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртлари бўлимлари очилишда давом этади.

Ҳужжатга мувофиқ, яқин келажакда Беларус ва Уркаина билан ҳамкорликда янги босқичларни кутиш мумкин. Беларус билан қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш юзасидан, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, шунингдек, ҳарбий техника таъмири ва модернизациясига доир ҳамкорлик лойиҳалари кутилмоқда. Украина билан қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобиль экспорти, фармасевтика, таълим ва туризм каби соҳаларда ҳамкорлик кўрсатилган.

АҚШ билан яқин истиқболдаги ҳамкорлик икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатлар, сармоя, нефть ва энергетика, ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон миллий иқтисодиётини янгилашда, модернизация қилишда, бу борада кадрлар тайёрлаш соҳасида АҚШ билан маслаҳатлашган ҳолда ишлашдан манфаатдорлик билдирилган. Шунингдек, ҳарбий ҳамкорлик давом этиши, ҳарбий техника, ҳарбий кадрлар тайёрлаш бўйича режалар борлиги маълум қилинган.

Яқин келажакда АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларида янги босқич бошланиши кутилмоқда. Президент Мирзиёев АҚШга таклиф қилинган. АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг Тошкентда ўтган Афғонистон конференцияси муносабати билан йўллаган мактубида бу ҳақда айтилган. Мактубда Трамп Мирзиёев билан учрашувни интиқлик билан кутаётгани ҳақида ёзилади, аммо бу таклиф расмий сафарни назарда тутадими ёки шахсий ташаббусми, аниқ эмас. Ҳозирча бу борада бирор амалий ҳаракатлар бораётгани номаълум.

Мирзиёев ҳокимиятга келар экан, АҚШ-Ўзбекистон алоқаларида асосий тўсиқ бўлган инсон ҳуқуқлари масаласида ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айни пайтда Ўзбекистондаги ўзгаришларни, айниқса, сиёсий маҳбусларнинг озод этилаётганини олқишлаб келаётган асосий давлатлардан бири ҳам АҚШдир.

6-апрел куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг инсон ҳуқуқлари, демократик қадриятлар ва меҳнат масалалари бўйича ўринбосари Ренди Берри бошлиқ делегацияни қабул қилди. АҚШ делегацияси Тошкентда парламент аъзолари, нодавлат ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари билан мулоқот ўтказган.

Мамлакатда ҳокимият алмашиши ортидан Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор ҳамкор давлатлар қаторидан Афғонистон ва Туркия ҳам жой олган.

Афғонистон Ўзбекистон учун муҳим ўрин банд этиши, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий, маданий йўналишларда ҳамкорлик кенгайиши таъкидланган. Афғонистон учун миллий кадрлар тайёрлашда кўмак кўрсатиш, Тошкент халқаро майдонда Афғонистон бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этиши айтилган.

Туркия билан ҳамкорликда янги босқич кузатилаётгани, мамлакатдаги бир қатор соҳаларга Туркия сармоясининг кенг жалб этилиши кутилаётгани хабар қилинади.

Маълумотларга кўра, шу ойда Туркия Президенти Тойиб Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилмоқда, турк ишбилармон доиралари ҳамроҳлигида кутилаётган бу сафар муносабатларда кузатилган узоқ йиллик турғунликдан сўнг Туркия томонидан амалга оширилаётган илк давлат ташрифи бўлиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармонини 5 апрел куни имзолади, 6-апрел куни қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилган бу ҳужжатга қўшимча иловалар эълон қилинган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан