Нима сабабдан ҳуснбузарларни сиқмаслик керак?

19.09.2018 | Тиббиёт | 3153

Ҳуснбузарлар ёки тошмалар — тук фолликулалари ва унга туташиб кетган тер ва ёғ безларининг яллиғланиши натижасида пайдо бўлади.

Акнеларнинг турли хил таснифлари мавжуд. Лекин умумий ҳолда уларни икки тоифага ажратиш мумкин: ҳуснбузарлар ва комедонлар. Комедонлар — бу тери тешикларининг ёғ безлари шираси туфайли бекилиб қолиши туфайли пайдо бўладиган тошмалар. Агар бунинг натижасида ёғ безлари яллиғланса, унда ҳуснбузарлар ҳосил бўлади.

Тери безларидан ёғ ажралиб чиқишининг юқори бўлиши ёки юз терисини нотўғри парвариш қилиш тук фолликула тешикларининг ёпилиб қолишига олиб келади, бу эса тери юзасида ҳар доим яшайдиган бактерияларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратиб беради.

Бу эса ўз навбатида яллиғланишнинг кучайишига ёрдам беради. Натижада фолликула атрофидаги соҳа қизаради, шишади ва оғриқ пайдо бўлади, аста-секинлик билан йиринг йиғилади. У ёрилса, тери инфекциядан ва тўпланиб қолган ёғлардан тозаланади.

Агар сиз мустақил равишда ҳуснбузарларни сиқсангиз, бу яллиғланишнинг тарқалиб кетишига, доғларнинг тўпланишига, гиперпигментацияга ва ҳатто қоннинг заҳарланишига олиб келиши мумкин.

Баъзан шундан кейин юзда узоқ вақтгача йўқолмайдиган чандиқлар ва қизил-кўкимтир доғлар қолади. Шунинг учун тошма касалликларини даволаш учун яхшиси косметологга мурожаат қилиш керак.

Кўр-кўрона аралашув оқибатида тери зарарланишидан кўра ҳуснбузарларни даволаш осонроқ эканлигини эътиборга олинг. Бунинг олдини олиш учун сабр қилишга тўғри келади.

Агар сизда чандиқлар қолган бўлса, косметолог таркибида коллаген ва гиалурон кислотаси бўлган филлер инъекцияларини, суюқ азот, пилинг, лазерли силлиқлаш ёрдамида қилинадиган даволаш усулларини таклиф қилиши мумкин.