Марказий банк қайта молиялаш ставкаси 16 фоизгача ошди

22.09.2018 | Иқтисод | 2688

Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

"Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган", - дейилади банк хабарномасида.

Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.

Таъкидланишича, банк тизимида ликвидликнинг нисбий профицити мавжуд шароитда, қайта молиялаш ставкаси оширилиши жами кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларига айтарли таъсир кўрсатмайди.

Бунда, миллий валютадаги кредитлар бўйича бозор фоиз ставкаларининг нисбатан юқорилиги кредитларга бўлган талабнинг бир қисмини хорижий валютадаги кредитлар ҳисобига қондирилишига олиб келиб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига билвосита таъсир кўрсатади.

Марказий банк томонидан ушбу қабул қилинган қарорлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида қўшимча стерилизация инструментларини фаоллаштириш бўйича чоралар кўрилади ҳамда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш бўйича Молия вазирлиги билан ҳамкорлик давом эттирилади.

Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши биринчи навбатда, инфляцион кутилмалар ва ташқи инфляцион омилларнинг кучайиши билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришга қаратилган.

Ажратилаётган кредит қўйилмаларининг қарийб ярми давлат дастурлари доирасидаги кредитлар ҳиссасига тўғри келиши, шунингдек, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб жорий этиладиган мажбурий резервлар бўйича янги нормативлар депозитлар бўйича фоиз ставкалари ошганда ҳам кредитлар бўйича ставкаларни ошириш заруратини камайтириб банкларга фоиз юкламасини пасайтириш имконини беради. Бу ўз навбатида, мазкур қарор иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмаслигидан далолат беради.

Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда инфляцион хатарларни диққат билан кузатиб боради ҳамда келиб тушаётган маълумотлар таҳлилига асосланган босқичма-босқичли ёндашувдан фойдаланади. Марказий банк томонидан ички нархлар ўсишига монетар омиллар таъсирини пасайтириш мақсадида пул-кредит сиёсатининг барча инструментлари кенг кўлланилади.