Божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб ўтиш тартиби ўзгарди

18.10.2018 | Ўзбекистон | 3130

Ўзбекистонда 17 октябрдан қўшни давлатлардан автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг янги чекловлари жорий этилди.

Ҳукуматнинг 16 октябрдаги қарорига мувофиқ, эндиликда автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали 19 номдаги маиший техника ва ошхона идиш-товоқлари (рўйхат) олти ой ичида фақат бир марта божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин. Июндан бу чеклов бир ойда бир мартани ташкил этган эди.

Бошқа товарларни (ҳар бир номдагидан 2 кг дан, аммо умумий вазни 10 кг дан ортиқ бўлмаган ҳолатда) эса эндиликда бир ойда бир марта олиб кириш мумкин (аввал — бир кунда бир марта).

Эслатиб ўтамиз, февралдан жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда 300 доллар, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали эса — 1000 доллар миқдоридаги товарларни мамлакатга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкин.

Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизматининг изоҳ беришича, айрим фуқаролар божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёздан тижорат мақсадида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ортиб борди. Айрим шахслар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтган.

Ўтказилган тезкор тадбирларда божхона расмиятчилиги соддалаштирилганидан фойдаланиб, «ташмачилар» ёрдамида божхона чегарасидан ўтказилган 23,8 млрд сўмлик товарларни тижорат мақсадида ички бозорга чиқариш билан боғлиқ 1354 та ҳолатнинг олди олиниб, 1321 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий иш материаллари кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилди, қўпол божхона қонунчилигини бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Мисол учун, фуқаро Р.Н. жорий йилнинг ўтган даврида 413 маротаба, М.Е. 331 марта, С.У. 282 маротаба қўшни давлатларга ўтиб-қайтган.