Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қозоғистоннинг мўл нефти: Қашағанни ишга тушириш учун учинчи уриниш
14.12.2016 21:26,  
54

Мамлакатдаги энг йирик нефть-газ кони ҳисобланувчи Қашағанни ишга туширган Остона қазиб олиш ишларини бошлаш учун сарфланган миллиардларни қайтариб олиш умидида. Мутахассислар эса лойиҳанинг истиқболи борасида фикр билдиришга шошилмаяпти.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 7 декабрь куни захиралари бўйича мамлакатда энг йирик саналган Қашаған нефть-газ кони ишга туширилганини расман эълон қилди. Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, 1 ноябрь ҳолатига Қашағанда нефть қазиб чиқариш кунига 75 минг баррелдан ортиқни ташкил этди. Конни ишга туширган North Caspian Operating Company 2017 йил охиригача бу рақамни 370 минг баррелга етказмоқчи.

Кондаги нефть захираси 38 миллиард баррелга тенг (рентабелли қазиб олинадиган қисми – 10 миллиард атрофида), газ захираси эса 1 триллион куб метрга етади. Углеводородлар нархи баланд бўлган даврда Қашаған лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан жозибадор кўринаётган эди. Энди эса мутахассислар бу ерда тижорий қазиб олишнинг бошланишини лойиҳа учун тикилган пулларни қайтаришга уриниш сифатида баҳолашмоқда. 

Муддатнинг кечиктирилиши ва миллиардлаб харажат

Таҳлилчиларнинг эслатишича, конни ишга тушириш бир неча бор ортга сурилган: аввалига 2005 йилдан 2008 йилга, кейин 2011 йилга, ниҳоят 2013 йилда синов тариқасидаги қазиб олиш бошланди, бироқ қувурларда сизиш аниқлангач, старт яна бекор қилинди.

Қозоғистонлик бир қатор мутахассислар Қашағанга сарфланган инвестициялар яқин беш йилда қопланишига шубҳа қилишмоқда. Қозоғистон Фан ва таълим вазирлиги Иқтисодиёт институти бош илмий ходими Олег Егоровнинг сўзларига қараганда, конни ўзлаштириш учун сарф-харажатлар режадаги 15 миллиард доллардан 136 миллиард долларга ўсди. Шундай экан, ҳатто нефтнинг бир баррели 50-55 доллар бўлган тақдирда ҳам, бу миллиардларни қайтариб олиш ўта мушкул, демоқда Егоров.

Halyk Finance таҳлил гуруҳи тадқиқотларига кўра, лойиҳа бўйича қарзларни қайтариш кераклиги ҳисобга олинса, 2017-2019 йилларда Қозоғистонга Қашаған конидан келадиган даромаднинг атиги 21 фоизи қолади. Фақатгина 2044 йилдан эътиборан Қашаған нефтидан олинадиган даромаднинг ҳаммаси давлат бюджетига тушади. Сўнгги кунларда нефтнинг бир баррели учун нарх 56 долларга ўсди, кузатувчилар нарх 60 долларга етиши мумкинлигини айтишмоқда. Қозоғистонлик таҳлилчи Сергей Смирновнинг фикрича, нарх 80 долларга етган тақдирда ҳам, харажатларнинг тез орада қопланиши даргумон.

Асосий мақсад – инвестицияларни қайтариш

“Қашаған нефти борасидаги умидлар пучга чиқмаслиги учун нефть нархи икки баравар ўсишини кутиш керак. Бундан ташқари, Қашағанда табиий шароитлар ўта мураккаб”, – дейди Смирнов. Маҳаллий нефть кимёвий таркибининг ўзига хослиги (олтингугуртнинг ва меркаптан каби аралашмалар миқдорининг юқорилиги), шунингдек, конни ўзлаштиришнинг ўта мураккаблиги, иқлимнинг оғирлиги каби омиллар сабабли мустақил экспертлар Қашаған кони истиқболини шубҳа остига олишган.

Ўз навбатида, Қозоғистон Тараққиёт институти раҳбари, иқтисодчи Магбат Спановнинг айтишича, Қашағаннинг ишга туширилишидан фақатгина битта мақсад бор. “Мўл нефть ҳар доим, энг аввало, сиёсий ўйинлар демакдир. бироқ Қозоғистон учун бу қайтарилиши керак бўлган катта пуллар дегани ҳамдир. Қазиб олишнинг реал қиймати, инфратузилма ва коннинг ўзига қанча сарфлангани на матбуотга, на экспертларга маълум эмаслиги алоҳида масала”, – дейди Спанов.

BRB Invest инвестиция компанияси бош директори Галим Ҳусаинов ҳам бу фикрларга қўшилади. “Қозоғистон Қашағанни яна ишга туширганининг оддий сабаби бор – сарфланган пулларни қайтариш. Бироқ бугун ОПЕКнинг нефть қазиб олишни камайтириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлар эканмиз, бу камайтиришни ниманинг ҳисобига амалга оширишимизни ҳал қилишимиз керак. Қашағандаги нефть қазиб олиш прогнозларига қараганда, биз аксинча оширяпмиз”, – дейди у.

Мўл нефть – сиёсий ўйинлар

Аввалроқ Қозоғистон Энергетика вазири Қанат Бўзумбаев ОПЕКнинг “қора олтин” қазиб олинишини камайтириш борасидаги қарорини Остона қўллаб-қувватлашини билдирган эди. ОПЕКка кирмайдиган давлатлар орасида Қозоғистон нефть қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда туради – кунига 1,7 миллион баррель.

Шундай экан, вазирнинг айтишича, нефть қазиб чиқаришни 20 минг баррелга камайтириш шунчаки рамзий рақам, холос. Бироқ бу Остонага мамлакат сиёсатини намоён этиш имконини беради. “ОПЕКка аъзо ва унга кирмайдиган давлатлардаги ҳамкасбларимиз Қашағаннинг аҳамиятини жуда яхши тушунишади. Муҳими, бизнинг ниятимизни билиш эди. Биз бутун дунёга бу ҳақда маълум қилдик”, – деди Бўзубаев маҳаллий журналистлар билан мулоқотда.

FOREX CLUB компаниялар гуруҳи таҳлилчиси Валерий Полховскийнинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Россия миллий валюталари курси нефть нархи билан яқиндан боғлиқ. Экспертлар эса нефтнинг бир баррели 50-55 доллар атрофида бўлишини айтмоқда.

Шунинг учун экспорт қилинадиган Қашаған нефтининг қазиб олиниши Қозоғистон иқтисодиёти учун тузуккина мададдир. Полховскийнинг билдиришича, Қашағанда нефть қазиб олиниши давлат харажатларининг қисқариши ва нефть нархининг пасайиши туфайли тенгенинг девальвациясидан кейин мамлакат иқтисодиётининг тикланишига ёрдам беради.

Манба: DW

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан