Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бразилия – келажак ўлкаси
15.04.2016 20:33,  
168

Иқтисодий ривожланиш суръатини шиддат билан тезлаштира олган Бразилия ялпи ички маҳсулот бўйича дунёда еттинчи ўринга чиқиб олди. Хўш, бундай муваффақиятнинг сири нимада?

Оғир дамлар

Бразилиянинг иқтисодий ҳолати узоқ йиллар ҳавас қиладиган даражада эмасди. ХХ аср бошига қадар мазкур мамлакат хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари – пахта, каучук, тамаки ва шакар сотиш эвазига кун кечирарди. Бироқ ХХ асрнинг 30-йилларидаги инқироз туфайли жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал ўғитлар нархи тушиб кетгач, Бразилия қайта қуриш йўлини танлади. Бу ерда саноат ривожлана бошлади. 

Иккинчи жаҳон урушидан бироз олдин австриялик машҳур ёзувчи Стефан Цвейг Бразилияга кўчиб келган эди. Уни ушбу малакатнинг салоҳияти қаттиқ ҳайратга солди ва умрининг охирида, 1942 йили “Бразилия – келажак ўлкаси” номли китоб ёзди. Ўша пайт кўпчилик китобни истеҳзо билан қарши олди, орадан йиллар ўтибгина ёзувчи нимани назарда тутгани аён бўлди. 

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Бразилияда импорт товарларга бож миқдори оширилди ва уларнинг хариди чекланди. Бу ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хорижлик рақобатчилардан ҳимоя қилди. Саноат гуриллаб ривожлана бошлади. Давлат кичик корхоналарга ёрдам берар, металлургия заводлари ва электр станциялари қурар, нефть ва темир рудаси қазиб олиш билан шуғулланар эди.

1964 йилда ҳарбий тўнтариш рўй берди. Аммо Бразилия сиёсатида нима юз бермасин, иқтисодиётнинг олға илдамлашига халақит қилмади. Тўғри, бу аҳолининг фаровонлигига кўпам таъсир кўрсатмасди: иқтисодий ўсишга иш ҳақининг пастлиги, хориж инвестициялари ва қарзлари эвазига эришилаётган эди.

 

Ривожланиш янгидан-янги сармояларни тақозо этар, ҳукумат бунинг учун хорижлик инвесторларни жалб этарди. Бундан ташқари, Бразилия энергетикаси бошқа соҳалар ортидан етиб олишга улгурмас, энерготақчиллик масаласи долзарблигича қолаётган эди. Вақти-соати етиб, айнан энергозахиралар импортига қарамлик панд бериб қўйди.

1973-1974 йилларда дунёда нефть нархи тўрт маротаба ошди ва бу Бразилия учун кучли зарба бўлди. Ушбу ўлка нефть захираларидан буткул мосуво бўлмаса-да, конларнинг кўпгинаси ишга туширилмаган, шу сабабли импортга боғлиқлик мавжуд эди. Нефть нархининг тўрт карра кўтарилиши Бразилия иқтисодиёти учун фожиага айланди.

Иқтисодий таназзулнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат ташқаридан тинмай қарз олишга тушди ва охир-оқибат мамлакат қулоғигача қарзга ботиб қолди.

Хуллас, 90-йиллар бошида Бразилия қаттиқ инқирозни кечираётган эди.

Омадсиз уринишлар оқибати

1989 йилда инфляция даражаси 1765 фоизга етди! Ўша йили мамлакат аҳолиси президентлик сайловида иштирок этди, ҳолбуки, 1964 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин президент тайинлайдиган бўлганди. Сайловда ўнг кучлар вакили Фернанду Коллор ди Меллу ютиб чиқди.

Бироқ унинг ҳукумати дастлабки пайтданоқ аҳолини ўзига қарши қилиб қўйди. Инфляцияни тўхтатиш ва бюджет тақчиллигини камайтириш учун банк омонатларининг 70 фоизини музлатишга қарор қилинган эди. Натижада тадбиркорлар ва ишчилар иш ташлаш эълон қилишди. Шунда ҳукумат бюджетни тўлдириш ва инвестицияларни жалб этиш учун давлат компанияларини хусусийлаштиришга уриниб кўрди. Бироқ Лотин Америкасида энг йирик ҳисобланувчи «Узиминас» металлургия заводи ким ошди савдога қўйилиши билан норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Ишлаб чиқаришнинг қисқариши, миллий даромаднинг камайиши, 2000 фоиздан ўтиб кетган инфляция – Коллорнинг икки йиллик президентлик даври натижаси ана шундай бўлди. Пировардида у коррупцияда айбланди ва парламент президентга импичмент эълон қилди. Шундан сўнг Фернанду Коллор ди Меллу истеъфога чиқди.

Коллорлан кейин амалга оширилган чора-тадбирлар ҳам кутилган натижани бермади. Иқтисодиётни қутқаришга уринишлар кўпинча давлат компаниялари ва кичик тадбиркорларнинг зарари эвазига амалга оширилди. Хуллас, аҳвол ёмонлашиб бораверди ва Бразилия аҳолисининг 40 фоизи қашшоққа айланди.

2002 йилда ўтказилган президентлик сайловида Меҳнаткашлар партияси етакчиси Лулу да Силва ғалаба қозонди. Силва иқтисодиётни одамлар томонига бура олди ва бу кутилмаган натижаларга олиб келди.

Ҳам бой, ҳам хурсанд

2000-йиллар Бразилия учун ривожланиш ва нисбатан барқарорлик йиллари бўлди. Аввалги ҳукуматлар ижтимоий харажатларни қисқартирган бўлса, Лулу да Силва уларни оширишга қарор қилди. “Оилавий пакет” деб номланган лойиҳа доирасида энг қашшоқ оилалар давлатдан ҳар ой нафақа ола бошлади. Бундан ташқари, Силва тадбикорларга катта эътибор қаратди, улар учун кредит ва солиқ имтиёзлари яратди. Охирги ўн йил ичида ўттиз миллиондан ортиқ бразилияликлар турмуш шароитларини яхшилашга муваффақ бўлишди, жамиятда ижтимоий тенгсизлик даражаси энг қуйи нуқтага етди. Аҳолининг қашшоқ қисми даромадлари 50 фоизга ўсган бўлса, бизнес-элитада бу кўрсаткич 12 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, 1994-2010 йиллар мобайнида Бразилияда қашшоқлик даражаси 67,3 фоизга камайди. Экспертларнинг фикрича, бундай суръатлар билан Бразилия ўттиз йилдан кейин АҚШнинг турмуш даражасидан ўзиб кетади. Бразилия Марказий банки маълумотига кўра, 2010 йилда ялпи чики маҳсулот 2,2 триллион долларни ташкил этди, бу киши бошига 11.1 минг доллардан тўғри келади деганидир.

Тадбиркорликнинг ривожланиши ва даромадларнинг ортиши саноат ва хизмат соҳасининг тараққиётига олиб келди. Ўз навбатида аҳолининг харид қуввати ҳам ортди. Бразилия кўпгина ривожланган давлатлардан аввалроқ ички бозорга урғу берди. Агар ички бозор ривожланган ва барқарор бўлса, жаҳон молиявий тўлқинлари унга кучли таъсир кўрсата олмайди. Айнан шунинг учун Бразилия 2008-2009 йиллардаги инқироздан биринчилардан бўлиб чиқиб кетди.  

Бразилия аввалгидек хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича жиддий иш олиб бормоқда. Саноат маркази ҳисобланувчи Сан-Палуни ҳазиллашиб Франкфурт ва Дюссельдорфдан кейинги “учинчи йирик немис индустриал шаҳри” деб аташади. Шунингдек, бу ерда бизнес қилиш мақсадида келган японлар ҳам талайгина. Бразилия иқтисодиётига фаол ҳисса қўшганлар орасида АҚШ, Канада ва Франция ҳам бор. Улар Бразилия экспортга жўнатадиган асосий хомашё – темир рудаси қазиб олишда қатнашишади. Маҳаллий машинасозлик ҳам чет эл капитали ёрдамида оёққа турди, санот ишлаб чиқаришининг 30 фоизи ана шу тармоқ улушига тўғри келади. Volkswagen, Fiat, Chevrolet, Ford, Peugeot Nissan каби автогигантлар ишлаб турибди. Хорижий капитал кемасозлик ва авиасозлик каби йирик тармоқларда, маҳаллий капитал эса енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги сингари кичикроқ тармоқларда банд.

Бироқ шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳанузгача Бразилиянинг жиддий муаммолари бор. Масалан, инфратузилма яхши ривожланмаган, транспорт инфратузилмаси ҳам кучсиз – йўлларнинг атиги 10 фоизи қаттиқ қопламага эга. Ваҳоланки, автомобилларга талаб катта. Қизиғи, Бразилияда автомобилларнинг 90 фоизи ёнилғи сифатида этил спирти (этанол)дан фойдаланади.

Бразилия тармоқларининг етакчи тармоқлари хориж капиталига боғланиб қолгани ҳам мутахассисларнинг хавотирига сабаб бўлаётган омиллардан бири. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан