Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда ажнабий ғоясини эмас ўзбекнинг миллий қадриятларини тарғиб этинг !
2.05.2016 10:44,  
47

 Давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни белгилайдиган халқаро ҳуқуқий тартиб ва қонунлар бўлишига қарамай Россия Федерациясига тегишли бўлган рамзий белгиларни ва давлат мукофатларини ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон Республикасида тарғиб қилиш ҳаракатлари бошланиб кетган. Яъни бошқа бир давлат учун миллий ва маънавий томондан қадрли саналган ажнабий ғояни бизнинг миллий мафкурамизга киритишга қаратлиган ҳаракатлари билан Узбекистон Республикасидаги мавжуд миллий мафкурага қарши ғоявий таҳдид яратувчи сиёсий технология сифатида ишлатишга уринаётган сохтакорлар борлиги ижтимоий тармоқларда яққол кўриниб турибди.

Россия Федерацияси томонидан таъсис этилган ҳар қандай мукофатлар билан белгилар бу ҳар бир давлатнинг ўзига хос сиёсати ва ўз миллий мафкурасига таянган ҳолда шу давлатнинг миллий дастурида кўрсатилган талабларга кўра ишлаб чиқилган бир маҳсулот дея қабул қилиниши шарт. Бу масалада Россия Федерациясининг ички сиёсатига аралашишга ҳаққимиз ҳам ниятимиз ҳам қаршилигимиз ҳам йўқ. Сабаби Россия Федерациясига тегишли бўлган давлат рамзларининг яратилишида Ўзбекистон Республикаси мафкуравий ва ғоявий томондан аралашмаган ва бу масалага ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Россия Федерацияси ҳукумати томонидан ўз давлатининг ҳарбийларини мукофатлаш учун авлиё Георгий орденини қайта жорий қилганидан ва шу ном билан аталувчи рангли лента иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани ифодалайдиган рамзий белги сифатида қабул қилинганидан ва бу Россия Федерациясига тегишли миллий қадриятлар асосида таъсис этилган давлат белгилари эканлигидан кўпчиликнинг хабари бор.

Ҳозирги кунда, юқорида номи зикр этилган Россия Федерациясининг давлат рамзларини ашаддий тусда тарғиб қилаётган ўзимизнинг ўзбеклар ҳам борлиги ҳеч кимни ажаблантирмай қолган. Бундай, ўзгалар қадриятини ўз миллий ғуруридан ва ўз халқининг миллий қадриятларидан юқори санайдиган баъзи бир нусхалар Ўзбекистонлик ёшларнинг онгини бўлмағур фитна ва иғволар билан заҳарлаш кампанияларини бошлаб юборганлиги ҳам ҳаммага маълум.

Лекин масаланинг қизиқарли томони шулки агар кимда ким авлиё Георгий лентасини “латтапараст тарғиботчи нусхалар” истаган мақомда қабул қилмаса ёки кимдир “олдин бундай масала иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг рамзи сифатида умуман ҳеч кимга маълум бўлмаган” ва “бу масала Россия Федерациясининг миллий мафкурасига тегишли ғоя” эканлигини билдирса ёки кимда ким “авлиё Георгий лентаси билан нима ишим бор”, “менинг ўз Ватаним байроғидаги ранглар менга азиз ва қадрли”, “ўзимизнинг миллий рамзларимиз бор шунга содиқ бўлайлик”, “биз ўз давлатимиз рамзлари тарафдоримиз” деса, бундай фикрларни билдирган Ўзбекистонлик ёшларга нисбатан ўта қўпол ва мантиқсиз гаплар билан ҳақоратлар айтилмоқда.

Мустақиллик йилларида улғайиб вояга етган ёшларимиз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳатлар натижасида, янги яратилган уқув қўлланмалари асосида ишлаб чиқилган мактабда ўқитиладиган тарих дарсликлари ва мактабдан ташқари ўқиш китоблари ёрдамида юртимиз тарихи ҳақида етарлича билимга эга бўлмоқда. Шу сабабли юртимиз тарихида қонли из қолдирган мустамлакачилик даврида Ватанимизни ишғол қилган зобитларга мукофат сифатида берилган орденни ва унинг лентасини давлатимиз ҳудудида тарғиб қилиниши ёшларимиз кўнглида бизнинг халқимизнинг миллий ғурурига ҳурматсизлик қилиш ва миллий қадриятларимизни оёқ ости қилиш каби таъсурот яратмоқда.

Ватанимиз чор Россияси томонидан мустамлака қилинган даврларда купчилик генераллар ва зобитлар, 26 ноябр 1769 йили Екатерина II томонидан таъсис этилган авлиё Георгий ордени ва лентаси билан мукофатланган. Шахарларимизни вайронага айлантиришда қатнашган мустамлакачилар армиясининг зобитлари ва генераллари учун махсус таъсис этилган медалларда маҳаллий халқи қирғин қилиб босиб олинган бизнинг шаҳарларимизнинг номлари ёзилган ва шу медалларга айнан мана шу авлиё Георгий орденининг лентаси бириктирилган эди.

Боз устига юртимизни босиб олишда ва мустамлакачилик сиёсатини бошқаришда қатнашган бир қанча генераллар ва зобитлар авлиё Георгий номли орден билан мукофатланганлиги мактаб уқувчиларининг тарих китобларида очиқ ойдин ёзилган ва бу мактабларимизда ўқитилмоқда.

1917 йили Россияда содир бўлган давлат тўнтаришидан сўнг авлиё Георгий ордени ва лентаси бекор қилинган бўлишига қарамай Адольф Гитлер раҳбарлик қилган Фашистлик Германиянинг армиясида хизмат қилиб совет қўшинларига қарши жангларни ташкил қилувчи генерал Андрей Власов бошчилигидаги Россия Озодлик Армиясининг зобитлари мукофатланадиган энг олий мукофат сифатида авлиё Георгий ордени 1942 йили яна қайта тикланган. Фашистлик Германия иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлиши билан бу орден ман қилинган. Лекин 2000 йилда авлиё Георгий ордени Россия Федерацияси армиясининг зобитларини мукофатлаш учун бериладиган орден сифатида яна қайта тикланган.

Россия Федерациясининг ҳукумати ва аҳолиси авлиё Георгий орденини ва рангли лентасини ўз давлати ичкарисида истаганича ёки белгиланган тартибда тарғиб қилиши мумкин. Ҳар бир давлат ўз миллий қадриятлари, маданияти ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда яратган давлат мукофатларини ва давлат рамзларини ўз халқи орасида тарғиб қилишга ва шу мақсадда тадбирлар ўтказишга ҳақли. Лекин, дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотлари томонидан жорий этилмаган ёки Россия Федерациясидан ташқари бошқа ҳеч бир мамлакатда иккинчи жаҳон уришида қозонилган ғалабанинг рамзий белгиси сифатида қабул қилинмаган, Россия Федерацияси армиясининг зобитларига бериладиган авлиё Георгий орденини ва унга тегишли лентани Ўзбекистон Республикасининг ёшлари орасида ва кенг жамоатчилик ичида ҳар хил омма эътиборини тортадиган тадбирлар ўтказиб тарғиб қилишга уринишлар кўпчиликнинг норозилигига сабабчи бўлмоқда.

Миллатлар ва динлар ўртасидаги мавжуд бағрикенглик ва дўстона алоқаларга рахна солувчи ўз-ора ички келишмовчиликларни юзага чиқариш учун ўз найрангларини ва сохта сиёсий ўйинларини бошлаб юборган кимсаларнинг “мия заҳарлаш” кампаниялари Ўзбекистон Республикасида оммавий тусга кириб кетишини олдини олиш учун, ёшларимизни ташқи ғоявий хуружлардан асраш мақсадида ва мамлакатимиздаги тинчликни бузишга қаратилган ҳаракатларнинг олдини олиш учун бизнинг миллий тафаккуримизга зид бўлган ёд ғояларни тарғиб қилганларга нисбатан қонунда кўрсатилган тартибда чора кўрилиши зарур.

Истиқлолчилик ғояларимизга ва миллий мафкурамизга нисбатан қилинаётган ҳамлаларнинг энг асосий мақсади миллатимиз тарихини ҳақорат қилишдан иборат эканлиги яққол кўриниб турибди. Миллий маънавиятимиз, маърифатимиз билан бирга миллий маданиятимизни оёқ ости қилишга йўл қўймаслик ҳар бир Ўзбекистон Республикаси Ватандошининг муқаддас бурчидир. Зеро дунёдаги энг машъум қуллик - тафаккур қуллиги, энг аянчли қашшоқлик - фикр қашшоқлиги.

Ҳурмат ва эҳтиром ила,

Шуҳрат Барлас.

муаллифнинг Facebook саҳифасидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан