Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Лифт ичида ўтган умр!
10.04.2017 23:43,  
51

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Гулбозор маҳалласи, Зарқайнар кўчасидаги 9 қаватли 1-уйнинг иккинчи подъездида яшовчи Мурод Камолов 1949 йил 5 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган, ҳозирда сал кам 70 ёшни қаршилаган отахон.

Мурод ака 21 йил давомида юқорида кўрсатилган манзилдаги уйнинг лифтини тузатиш билан овора бўлди.

Кўп қаватлик уйга инжиқ, тез бузиладиган “Электрон” лифти ўрнатилган. Лифт бузилиши билан биринчи навбатда Мурод акага мурожаат қилинади. Тўй, марака, йиғилишлар бўлса, албатта, бир кун олдин Мурод акага сим қоқиб, “эртага йиғилиш бор эди, илтимос сиздан лифтга қараб туринг, меҳмонлар қийналишмасин” дейишади. Баъзида лифт бузилган ҳолатларда бузуқ лифтни ҳам механик ҳолатда, жисмоний куч ишлатиб, бир амаллаб тадбир тугагунча ишлатиб берган ҳолатларининг гувоҳи бўлганмиз.

Мурод ака таъмир ишларини, лифт шахтасини доимий тозалаб туришни ёлғиз ўзлари эмас, баъзида ўғиллари ёрдами билан амалга оширган. Ўғиллари меҳнаткаш, хушмуомала, зиёли бола эди, умуман Мурод ака ҳам, аёллари Холида опа ҳам зиёли, олий маълумотли ўқитувчи инсонлар.

Тақдир экан, Мурод аканинг ёлғиз ўғиллари  2014 йилда тўсатдан юрак хуружидан ёш вафот қилди.

Тўрт ўғил невара билан қолган Мурод ака чуқур қайғуга ботсалар ҳам буни билдирмай одамларга хизмат қилишда давом этдилар.

Охирги йиллар лифт жуда кўп бузиладиган бўлиб қолди. Бир эҳтиёт қисми олиб келиб, қўйиб улгурмасдан бошқаси бузила бошлади. Лифт эҳтиёт қисмлари учун ширкат назоратида пулни ҳам Мурод ака йиғар эди. Инжиқ лифтга пул сарфи ҳам кўпайди. Одамлар Мурод акага туҳмат ҳам қилишди, қўл ҳам югуртиришди, пуллик иш қийин-да!

Мурод ака айтадилар: “21 йил давомида катта моторни 10 мартадан ортиқ, кичик моторни 20 мартадан ортиқ “обмотка” қилинди. Катта редуктор 1 марта, кичик редуктор 2 мартадан ортиқ алмаштирилди, лифт трослари алмаштирилди. Бошқа майда-чуйда эҳтиёт қисмларни эса ёзиб тугатиб бўлмайди”.

2016 йил ёзида лифт қаттиқ бузилди. Таъмирлашга катта пул ишлатилди. “Электрон” лифт усталари таъмирлашни чўзиб юборишди. Қўшнилар Мурод акага: “пул олгандан кейин ишлатиш керак-да, пулларимиз қани?” деб гапираверишди.

Усталарни масъулиятсизлигидан сиқилган Мурод ака 2016 йилнинг 13 июль куни лифт олдида йиқилди. Зудлик билан 1-шаҳар шифохонасига олиб борилди. Шифокорлар инсульт деб ташхис қўйишди.

Аслида, Мурод ака лифтнинг таъмири учун йиғилган сариқ чақа пулни ҳам ўз манфаати йўлида ишлатмаган. Буни инсофли ён қўшнилари доим таъкидлаб келишган.

Инсульт орттириб шифохонадан чиққан Мурод ака яна лифтнинг орқасидан чопди. Бунга ичи ачиган қўшнилар, “Бўлди, ўлиб кетсин шу лифт”, дейишди.

Шу катта таъмирдан кейин ҳам лифт 3-4 ой аранг ишлаб турди.

2016 йил октябр ойида “Электрон” лифт батамом бузилди, балки, асабларнинг эгови, умрнинг заволи тўхтади.

Мана 7 ойдан бери шу манзилдаги лифт ишламайди. Одамларнинг қанақа қийналишаётганини тасаввур қилаверинг.

Маълумот ўрнида. 1995 йилда эски уйлар бузилиши муносабати билан юқоридаги манзилда кўрсатилган уйда яшовчи фуқаролар кўп қаватли уйни бир неча камчиликлари билан қабул қилиб олишган. Бузуқ, синиқ тахта ромларни одамлар ўзлари алмаштириб ёки таъмирлаб олишди. Ичимлик суви насоси ҳам 10 йил мобайнида муаммо бўлиб келди, аммо ҳозир яхшиланди. Томлардан яқингача чакки ўтар эди, бу ҳам тўғриланди.

Лекин, 21 йил давомида ҳаммани эзиб келаётган энг катта муаммо бу кўп қаватли уйга қўйилган “Электрон” лифтдир. Афтидан бу лифт “Самарқанд лифтсозлик заводи”га тегишли. Самарқанддаги заводдан чиқаётган ҳозирги лифтлар ҳам ишламаслиги билан элнинг оғзига тушиб улгурибди.

Шу 21 йил ичида арз қилинмаган ташкилот қолмади. Баъзан фойда бўлиб, лифтни таъмирлатиб беришди, вақтинча ишлаб турди.

2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланганлигидан умид қилиб, “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” иш бошлаганидан қувониб, Мурод ака ва бир неча қўшнилар 2017 йилнинг феврал ойида порталга мурожаат қилди.

Биринчи жавоб хати Мурод акага келди. Унда 1-уй лифтини янгисига алмаштириш ишлари 2017 йил дастурига киритилгани билдирилди. Ҳамма ниҳоятда хурсанд бўлди, “21 йиллик қийинчиликлар, наҳотки, шу йили ҳал бўлади”, дейишди. Кейин туман прокурори шахсан ўзи келиб танишди, биз яна ҳурсанд бўлдик.

Лекин бу узоққа чўзилмади. Кейинги хатда 2017-2021 йиллар ичида таъмирлаб берилишини ёзишди.

Охирги хат эса ҳаммасидан ўтиб тушди биз юборган манзилдаги 1-уйнинг дебитор қарзи борлиги рўкач қилиб кўрсатилиб, ширкат 5 йилга бериладиган 6%ли ставкада кредит олиш тавсия қилинди ва хатнинг сўнгида мазкур жавобдан норози бўлган тақдирингизда юқори органларга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор, деб тушунтирилди.

Ахир, лифт билан муаммо 21 йил давомида узлуксиз бўлиб келяпти-ку, шу йиллар давомида уй доим қарз бўлиб келмагандир?!

Президентимиз портални одамларга хизмат қилиши учун очиб бердилар. Оддий фуқарога 6%ли ставкадаги кредит ҳақида гапириш нимаси? “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” ходимлари шу манзилдаги ширкат билан боғланиб “Ҳаракатингизни қилинглар. Банкка биз айтиб қўйдик. 5-10 йиллик ставкадаги кредитлар бор, шуни қараб олинглар”, деса бўлмайдими? Лифт учун олинган кредит квартира солиғига қўшиб қўйилса, шу манзил фуқаролари йўқ демайди. Балки, ҳаммаси қонуний бўлар эди.

Абдулазиз Азизов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан