Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Электр энергияси ва табиий газ учун тўлов қилишнинг янги тартиби жорий этилмоқда
30.05.2017 01:33,  
50

29 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.

Фармонга келтирилган шарҳда айтилишича, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК фаолиятини ташкил этишдаги хато ҳамда камчиликлар, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммолар энергия таъминоти соҳасини янада ривожлантириш борасида белгиланган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишларининг оқсаётгани дебитор қарздорликнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларига олиб келмоқда.

Масалан, 2016 йилда электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ошган.

Шунга қарамасдан, масъул идоралар томонидан бундай ҳолатларга нисбатан тегишли муносабат билдирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига электр ва газ таъминоти масалалари бўйича келиб тушган 43 мингдан ортиқ шикоят ҳам бундан далолат беради.

Фармон билан:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда Мажбурий ижро бюросига қуйидаги ваколатлар берилди:

– энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, улар учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш;

– энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш;

– ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиш;

– энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

2. Суд департаменти тугатилди, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АКнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчи штат бирликлари қисқартирилди.

3. Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди. Унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчи — жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши – электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан