Туркия ҳукумати томонидан мамлакатда ҳарбий исён ташкил этганликда айбланиб келаётган радикал ислом тарғиботчиси Фатҳуллоҳ Гулен Туркия фуқаролигидан маҳрум қилинди, деб хабар бермоқда Resmi gazete нашри.
Гулендан ташқари чет давлатда бўлган яна 130 киши фуқароликдан маҳрум қилинган. Улаирнинг барчасига нисбатан айни вақтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Рўйхатга тушганлар 3 ой ичида ватанга қайтиб, расмий органларга мурожаат қилмасалар Туркия паспортидан маҳрум бўлишлари айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ исёнчилар ҳарбий давлат тўнтаришига уринишди. Асосий тўқнашувлар Анқара ва Истанбулда содир бўлди. Исёнчиларни ҳисобга олмаганда 246 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Қўзғолон бостирилди. Туркия ҳукумати исён раҳбари Гуленни АҚШдан топширишини сўраган.