CNN: АҚШда 150 нафар Россия разведкачиси бор

08.07.2017 | Жаҳон | 2586

CNN телеканали Америка разведкаси маълумотларига асосланиб, Россия разведка хизматларининг 150 нафарга яқин ходими АҚШ ҳудудида фаолият олиб бормоқда, деб хабар берди.

Телеканал хабарга бирор исбот келтирмади. Фақат 2016 йилдаги президент сайловидан бери АҚШга кўчиб келаётган разведка фаолиятида гумонланувчи россияликлар сони анча ошганлигини билдирди.

Телеканалнинг номи ошкор этилмаган манбасининг сўзларига ишонадиган бўлсак, Россия разведкаси АҚШдан чиқариб юборилган 35 дипломатнинг ўрнини тўлдиришга уриняпти.

2016 йилнинг охирида АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти россиялик 35 дипломатни чиқариб юбориш билан бирга РФнинг тўққиз муассасаси, компанияси ва жисмоний шахсларига, жумладан, Бош разведка бошқармаси ва Федерал хавфсизлик бюросига санкция киритганди. Улар “сайловларга аралашиш” ва Россияда ишловчи “Америка дипломатларига босим кўрсатиш”да айбланган.