Саудия Арабистони бошчилигидаги тўрт араб давлати билан Қатар ўртасидаги дипломатик инқироз давом этаётган бир пайтда Саудияга қарашли Al Arabiya телеканали кутилмаган таҳдид билан чиқди, дея хабар бермоқда Russian Today телеканали.
Al Arabiya телеканалида намойиш қилинган видеолавҳада Қатарнинг йўловчи самолёти Саудия Арабистонининг қирувчи самолёти томонидан нишонга олиниши тасвирланган. Компютер графикасида тайёрланган видеороликда Саудия ҳудудига кириб келаётган Qatar Airways йўловчи самолёти уриб туширилишини кўриш мумкин.
Видеороликда айтилишича, Саудия Арабистони ўзининг ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирган ва ҳукумат ўрнатган тартибни бузган ҳар қандай ҳаво кемасини ўзи хоҳлаган усулда йўқ қилишга ҳақли бўлиб, бу халқаро қонунчиликка тўла мос келади.
“Халқаро қонунлар мамлакатларга уларнинг ҳаво ҳудудини бузиб кирган ҳар қандай ҳаво кемасини уриб туширишга рухсат беради”, – дейилади видеороликда. Ушбу видоклип 9 август куни Al Arabiya телеканали сайтида эълон қилинган бўлиб, дастлаб кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмаган.
Видеолавҳа телеканалнинг Твиттердаги саҳифасида эълон қилиниши интернет тармоғида мунозараларга сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Саудия телеканалини террористик ғояларни тарқатишда айблашган.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 5 июнь куни Қатар билан алоқалрни узган ҳамда унга қарши иқтисодий ва ҳаво қамали эълон қилган. Ўтган ҳафтада БМТнинг Бутунжаҳон Фуқаро Авиацияси Ташкилоти аралашуви билан БАА ва Баҳрайн осмонида Қатар самолётларининг айрим йўналишлари бўйлаб учишга рухсат берилган. Саудия ҳаво ҳудуди ҳозирча Қатар амалётлари учун очилмаган.