Ўзбекистонда олтин ва кумуш эсдалик тангалари сотувга чиқарилди

26.11.2018 | Иқтисод | 2619

Марказий банк олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни муомалага чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширмоқда.

Сотувга 1994-2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ҳамда оғирлиги 31,1 граммдан иборат.

Сотувга жами 1900 дона олтин ҳамда 6900 дона кумуш эсдалик тангалари қўйилган.

Мазкур эсдалик тангалар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари билан сотувга чиқарилади. Тангалар “PROOF” сифатига мувофиқ тайёрланган.

Эсдалик тангаларни сотиш нархи Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта миллий валютада белгиланади.

2018 йил 28 ноябрдан бошлаб эсдалик тангаларини тижорат банкларининг айрим филиалларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкин.