Ўзбекистонда нега қўққисдан ҳарбий тревога эълон қилинди?

27.11.2018 | Таҳлил | 6420

Қўққисдан текширувнинг асосий мақсади — жорий йил давомида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ва бошқарув органларида амалга оширилганишларни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишдан иборат, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.

26 ноябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш бўйича мажмуавий тадбирлар бошланди. 

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг фармойишига биноан 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун кенг кўламли ўқув машғулотлари бошланди. Унга асосан Мудофаа вазирлиги қўшинлари "Тревога!" сигнали бўйича кўтарилди. Ушбу ўқув машғулоти 30 ноябрга қадар, беш кун давомида ўтказилади. Унда Мудофаа вазирлигининг барча қўшинлари қатнашмоқда.

"Қўшинлар қўлланилиши бўйича тегишли вазифаларни белгиланган муддат ичида бажаришлари, яъни ҳарбий хизматчиларнинг ўқув-жанговар топшириқларни амалга ошириши ва ностандарт қарорларни қабулқилишга тайёр эканликларини кўрсатишлари лозим", - дейилади хабарда.

Бунга қадар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги фақатгина ҳарбий округлар миқёсида текширилган. Бу каби кенг кўламли қўққисдан текширувлар Ўзбекистон армиясида аввал ўтказилмаган.

Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи томонидан вазифалар белгилаб берилди ва ҳарбий округ қўмондонликларига етказилди. Шундан сўнг, стационар бошқарув пунктлари ташкил этилди ва унда амалий ишлар бошлаб юборилди, ҳарбий округларнинг мобил бошқарув пунктлари ўз ишини бошлади.

Бунда асосий эътибор қўшинларни барқарор ва узликсиз бошқаришни ташкил этиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Текширувнинг ушбу босқичида хавфсизлик қоидаларига, ҳарбий техника ва қуролларнинг созлигига қатъий риоя қилинди.

Қўққисдан текширув давомида қўшинлар ҳаракати устидан назорат ва таҳлилни махсус тузилган Ҳукуматлараро ишчи комиссияси олиб бормоқда.

Сигнал қўққисдан берилган бўлсада, қўшинларни шошириб қўймади. Ўқув йили давомида қўққисдан бўладиган тадбирлар бўйича ўтказилган машғулотлар ҳарбий хизматчилардаэнг масъулиятли вазиятларда жанговар шай ҳолатга тайёр туришини таъминлади.

26 ноябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари авто ҳамда зирҳли техника воситалари таркибида белгиланган ҳудудларга колонна шаклида маршни амалга оширди. Ҳарбийларнинг маънавий ва психологик ҳолати барқарор, шахсий таркиб кейинги вазифаларни бажаришга тайёр турибди.