Туркия ё Россияни ё Ғарб мамлакатларини танлаши керак, деди АҚШ сенатининг қуролли кучлар қўмитаси раҳбари Жеймс Инхоф (Жон Маккейн ўрнига келган сенатор). Бу ҳақида Bloomberg нашри хабар қилмоқда.
“Агар Туркия F-35 дастури ичида қолишни истаса, у Россиядан С-400 тизимларини олишдан воз кечиши керак”, - деди Инхоф Пентагоннинг Конгресс учун тайёрланган ҳисоботига изоҳ бераркан.
Инхоф айтишига қараганда, Туркия АҚШнинг НАТО бўйича жуда муҳим ҳамкоридир. Шу сабаб у ўз мақомига мувофиқ ҳаракат қилиши керак. “Туркия ё Россияни ё Ғарбни танлаши керак. Агар Туркия С-400 сотиб олишда давом этса - уни салбий оқибатлар кутмоқда” – деди сенатор.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ва Россия 2017 йилнинг декабр ойида умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган тўртта ЗРК С-400 дивизиони етказиб бериш борасида битим имзолаган эди. Шартномага кўра, мажмуанинг биринчи партияси 2019 йилнинг октябрь ойида етказиб берилиши керак.