Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда нотариуслар «фаол нотариат» тизимида ишлашга ўтади
1.01.2019 20:22,  
15

«Ҳуқуқий ахборот» канали 2019 йил 1 январдан бошлаб қонунчиликда рўй берадиган айрим ўзгаришлар ҳақида эслатиб ўтди.

Нотариат

2019 йил 1 январдан бошлаб нотариуслар «фаол нотариат» тизимида ишлашга ўтади.

Масалан, кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлашда электр ва газ таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотларни олиш бевосита нотариус томонидан бажарилади. Яъни қайсидир идораларга бориб соатлаб навбат кутиб «справка» олиш амалиётига чек қўйилади. Бу ҳам фуқаролар вақти ва нақдини тежаб, ортиқча асаббузарликларнинг олдини олади.

Бундан ташқари 1 январдан бошлаб:

фуқаролар ўртасида тузилган бино (уй-жой, квартира) ёки унинг бир қисмини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлаш шартлиги ҳақидаги талаб ўз кучини йўқотади;

нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги хизматлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин;

битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин;

фуқаро қандайдир сабабларга кўра (жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ва ҳ.к.) битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаган ҳолларда нотариус видеоёзув воситаларидан фойдаланади;

нотариал идораларга электрон мурожаат қилиши мумкин, бунда мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим;

уй-жой, бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимларни исталган нотариал идорада амалга ошириш мумкин (илгари фақат шу мол-мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланар эди).

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар

Меҳнат ва ижтимоий соҳада ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб бизни қатор янгиликлар кутиб турибди.

Масалан, педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақлари янада оширилади. Хусусан, ойлик иш ҳақлари 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.

Илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори ҳам 20 фоизга кўпаяди.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси қайта кўриб чиқилади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг қуйи разрядлари тариф коэффициентларини ўртача 10 фоизга, шу жумладан, 1-разряд бўйича 15 фоизга, 2-разряд бўйича 10 фоизга ва 3-разряд бўйича 5 фоизга ошириш орқали меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш назарда тутилади.

Меҳнат стажларини ҳисобга олишни қоғоз кўринишда юритиш амалиётидан воз кечилади, бу соҳада ҳам электрон тизим жорий этилади.

Ишловчи пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш бўйича норма ҳам 2019 йил 1 январдан кучга киради.

Тадбиркорлик

Тадбиркорлар учун ҳам қатор енгилликлар берилади.

Жумладан, 2019 йил 1 январдан кўчма савдо учун рухсатнома олиш шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади. Худди шундай улгуржи савдо фаолиятини ҳеч қандай лицензиясиз амалга оширишга рухсат берилади. Давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар учун ички бозорда маҳсулот ёки хизмат учун 15 фоиз тўловни олдиндан амалга амалга оширишга доир архаик талабдан ҳам воз кечилади. Чўчқа гўшти, уй паррандаси гўшти, ўсимлик ёғи, шакар, нон-булка маҳсулотлари, волфрам рудалари, ипак чиқиндилари экспортига қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинади.

Бундан ташқари, 2019- йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматларни тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг тўлиқ версияси ишга туширилади. Унда тадбиркорларни текшириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш,тадбиркорларга ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.

2019 йил 1 январдан мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати кенгайтирилди.

Эндиликда темир ёки пўлат симлар, бурчак ва бошқа шакл берилган, махсус темирдан ёки пўлатдан ишланган профиллар, коррозияга чидамли яримтайёр пўлатли ишланмалар, пўлатдан енгил ўралган симлар ва бошқа маҳсулотлар мажбурий тартибда сертификатланиши лозим бўлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан