45 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлди

05.01.2019 | Ўзбекистон | 2614

Ўзбекистон 1 февралдан яна 45 мамлакат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартибни жорий этади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

2018 йилнинг февралида давлат раҳбари етти мамлакат — Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартибни жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Ушбу рўйхатга март ойида Тожикистон, октябрда Франция (шу билан бундай тартиб жорий этилган мамлакатлар сони 18 тага етди), 15 январдан эса Германия қўшилди.

Айни вақтда 39 мамлакат фуқаролари учун сайёҳлик визаларини олишнинг соддалаштириш тартиби амал қила бошлади (ҳозир бундай мамлакатлар сони — 51 та). Июль ойидан электрон визалар, 16 ёшгача бўлган чет элликлар учун визасиз тартиб ва 101 мамлакатдан келаётган транзит авиайўловчилар учун беш кунлик визасиз тартиб йўлга қўйилди.

Давлат раҳбарининг фармонида қайд этилишича, виза тартиби ва Ўзбекистонда бўлиш қоидаларининг соддалаштирилиши — инфратузилмаларни ривожлантириш ва хорижда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб қилиш билан биргаликда — республикага келган чет элликлар сонининг 2017 йилдаги 2,60 миллион кишидан 2018 йилда 5,3 миллион кишигача, икки баробарга ошишига сабаб бўлди.

2019 йил 1 февралдан фуқаролари электрон кириш визаларини олиш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхатига 76 давлат қўшилади. Бундан тақшари, 15 мартдан эътиборан амал қилиш муддати 30 кун бўлган икки марталик ва кўп марталик электрон кириш визалари жорий этилади. Шунингдек, чет эл фуқароларининг алоҳида гуруҳлари учун Vatandosh visa, Student visa, Academic visa, Medical visa ва Piligrim visa каби янги виза категориялари(электрон эмас) йўлга қўйилади.

Фуқаролари 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонга 30 кун муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга мамлакатлар рўйхати

  1. Австралия

  2. Австрия
  3. Аргентина
  4. Босния ва Герцеговина
  5. Ватикан
  6. Люксембург
  7. Венгрия
  8. Бруней-Доруссалом
  9. Греция
  10. Ирландия
  11. Исландия
  12. Италия
  13. Канада
  14. Андорра
  15. Лихтенштейн
  16. Монако
  17. Бельгия
  18. Дания
  19. Испания
  20. Нидерландия
  21. Норвегия
  22. Швеция
  23. Латвия
  24. Литва
  25. Мўғулистон
  26. Янги Зеландия
  27. Португалия
  28. Болгария
  29. Кипр Республикаси
  30. Мальта
  31. Польша
  32. Сан-Марино
  33. Сербия
  34. Словения
  35. Хорватия
  36. Чили
  37. Руминия
  38. Словакия
  39. Буюк Британия
  40. Бразилия
  41. Финляндия
  42. Черногория
  43. Чехия
  44. Швейцария
  45. Эстония