Бир йилда жисмоний шахслар банкларга 2,7 млрд доллар, экспортчилар эса 4,1 млрд доллар сотди

04.02.2019 | Иқтисод | 2347

Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилда ички валюта бозори тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Қайд этилишича, ўтган йилда ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш операциялари ҳажми, шунингдек валюта бозорида иштирокчилар сони ошганлиги кузатилди. Шу билан бирга, ҳисобот йили давомида хўжалик юритувчи субъектларнинг яширин валюта бозоридан расмий валюта бозорига ўтишини ўзида акс этди.

2018 йилда юридик шахслар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 10,4 млрд долларни ташкил этган бўлиб, аввалги йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 1,5 баробар ошди.

Шу билан бирга, ўтган йил мобайнида ички валюта бозорида хорижий валютани харид қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар сони 2,3 маротабага ошган бўлиб, ушбу кўрсаткич январь ойида 2,2 мингтани ташкил этган бўлса, йил якуни бўйича уларнинг сони 5,1 мингтага етди.

Йил мобайнида хорижий валюта таклифининг асосий манбалари бўлиб хўжалик юритувчи субъектларнинг экспортидан тушган маблағлар ҳамда хорижий давлатлардан келиб тушган пул ўтказмалари ҳисобланади.

Экспортдан келиб тушган валюта маблағларининг банкларга сотилган ҳажми 2 баравар кўпайиб, 4,1 млрд долларни ташкил этди (2017 йилда 2,1 млрд доллар). Натижада экспортдан келиб тушган маблағларнинг банкларга сотилган ҳажми 31 фоиздан 61 фоизга кўпайди.

Ўтган йили аҳоли томонидан тижорат банкларига 2,7 млрд доллар сотилган бўлиб, ўз навбатида ушбу маблағлардан 969 млн доллар банклар томонидан аҳолига сотилган, қолган 1,7 млрд доллари юридик шахсларнинг эҳтиёжини қондириш учун сарфланди.

Йил якунига келиб соф олтин-валюта заҳираларининг ҳажми 26,4 млрд долларни ташкил этди.

Марказий банкнинг курс сиёсати ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг ўзаро нисбати асосида шаклланиб, валюта бозорида таклиф ошиб талаб пасайган даврда алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва, аксинча, талаб ошиб таклиф пасайган ҳолларда унинг пасайиши кузатилди.

2018 йил мобайнида миллий валюта курси хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф шаклланишига таъсир этувчи мавсумий омиллар асосида ўзгариб келди.

Натижада, 2018 йил охирига келиб миллий валютанинг алмашув курси йил бошига нисбатан 2,7 фоизга (8120 сўмдан 8339 сўмгача) пасайиб, йил мобайнида курснинг минимал ва максимал миқдори ўртасида ўзгариши 7,3 фоизни (август ойида — 7781 сўм, декабрь ойида- 8348 сўм) ташкил этди.