Тошкентда илк бор йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш дастури қабул қилинди

12.02.2019 | Ўзбекистон | 4565

Тошкентда илк бор йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳудудий дастур тасдиқланди. Шаҳар ҳокими 1 февралдан тасдиқлаган ҳужжат 2019−2020 йилларга мўлжалланган бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Унга кўра, йил охирига қадар барча ижтимоий объектлар яқинидаги йўл белгилари ҳамда мавжуд светофорлар инвентаризациядан ўтказилади.

Йил давомида ижтимоий объектлар (мактаб, МТМ, лицей ва коллежлар, ОТМлар, шифохона, бозорлар, бизнес марказлар, супермаркетлар, истироҳат боғлари, театрлар, стадионлар, концерт заллари, масжидлар, черковлар, тўй маросимлари ўтказиладиган масканлар ва бошқа жойлар) яқинидаги бошқарилмайдиган ер усти пиёдалар ўтиш йўлаклари қаршисида энг юқори тезликни 50 км/соат этиб белгиловчи белгилар ўрнатилади. Бироқ барча объектлар яқинида эмас, балки ҳар бир йўналишда транспорт ҳаракати полосалари уч ва ундан ортиқ бўлган жойларда.

Келгуси йил давомида бундай белгилар пиёдалар оқимлари жадаллиги юқори бўлган тақдирда, юқорида кўрсатилган объектларга элтувчи кўчаларда бошқарилмайдиган ўтиш йўллари қаршисига ҳам ўрнатилади.

Қайд этиш жоизки, августда эълон қилинган дастлабки режада ижтимоий объектлар яқинидаги йўлларда рухсат берилган энг юқори тезликни транспорт полосалари уч ва ундан ортиқ бўлса — 50 км/соат, 1 ёки 2 полосали бўлса 30 км/соатгача қисқартириш кўзда тутилган эди. Ҳозирда рухсат берилган тезлик 70 км/соатни ташкил этади. Бундан ташқари, полосалари 2 ва ундан ортиқ бўлган кўчаларда пиёдалар ўтиш йўлакларида ҳар икки томондан светофор ўрнатиш мажбурийлиги белгиланган.

Ҳайдовчиларнинг тезлик режимига риоя этишлари устидан назорат ўрнатиш учун ижтимоий объектлар яқинидаги кўчалар ҳамда тез-тез ЙТҲ содир бўладиган жойларга стационар ва мобил тезлик ўлчаш воситалари ўрнатилади. Бу жараёнда давлат-хусусий шерикчилик асосида инвесторлар маблағларини жалб қилиш кўзда тутилган.

Тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида йўлдаги вазиятни мунтазам кузатиб боришда дронлардан фойдаланилади ва светофорлар иш режимлари оптималлаштирилади.

Кўча ва йўллар ёқасига пулли автотўхташ жойларини ташкил этиш белгиланган. Белгиланмаган жойларга автомобиль қўйган ҳайдовчилар учун мажбурий эвакуация чоралари кўзда тутилмоқда.

Дастурга қўшимча равишда илк бор янги светофорларни ўрнатиш ва мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда горизонтал белгилар чизиш бўйича йиллик дастур тасдиқланди.

Йил охиригача 150 та чорраҳада секундомерли светофорлар ўрнатилади. Ўтган йил кузида 10 мингдан зиёд овоз тўплаган шу ҳақдаги онлайн мурожаатнома Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган эди.