Марказий банк эски намунадаги банкнот ва тангаларни муомаладан қайтариб олади

08.08.2019 | Иқтисод | 4845

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалар ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом" лойиҳаси тайёрланди.

Ўзбекистон Республикасида муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 тийин, 3 тийин, 5 тийин, 10 тийин, 20 тийин, 50 тийин, 1997 йил намунасидаги 1 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 1999 йил намунасидаги 5 сўм, 25 сўм, 2000 йил намунасидаги 1 сўм, 10 сўм, 2001 йил намунасидаги 5 сўм, 10 сўмлик тангалар, шунингдек 1994 йил намунасидаги 1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўмлик банкнотлар:

- 2006 йилдан буён зарб қилинмаётганлиги ва босиб чиқарилмаётганлигини;

- бугунги кунда хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли ўртасида, жумладан чакана савдо ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар ва тўловларда улардан умуман фойдаланилмаётганлигини;

- товар ва хизматларнинг амалдаги нархлари даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳамда муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини ихчамлаштириш мақсадида мазкур низом ишлаб чиқилган.

Мазкур эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2019 йил 1 декабрдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача белгиланади.

Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош бошқармалари  Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлари ва аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар белгиланган муддатга (2019 йил 1 декабрга) қадар:

- мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиниши;

- коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиниши;

- банк пластик карточка ҳисобварақларига ўтказиб берилиши;

- муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб берилиши мумкин.

2019 йил 1 декабрдан бошлаб (2019 йил 1 декабрдан – 2021 йил 1 январга қадар) қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар фақат МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.   

Тижорат банклари филиалларида эски намунадаги тангалар ва банкнотларни санаб-саралаш, қимматликларни ташиш ишлари Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Лойиҳа 23 августгача муҳокама қилинади.