Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Смартфонлар ҳақидаги 10 афсона
28.05.2017 18:39,  
9

Смартфонлар ҳақида турли-туман гаплар юради. Айтайлик, кўпчилик ҳалигача аппаратни қувватлантиришдан олдин ундаги қувватни тўлиқ тугатиш кераклигига ишонади.

Шу каби кенг тарқалган янглишликларни Дарё нашри кўриб чиқди.

1. Батареяни қувватлантиришдан олдин ундаги энергияни тўлиқ ишлатиш керак

Бу нарса темир-никель ва никель-металлгибрид аккумуляторлар даврида муҳим эди — бундай батареялар харид қилингани ҳамон қувватлантирилар, акс ҳолда ундаги кимёвий ўзгаришлар ҳажмини қисқартириб юборар эди. Айтайлик, бундай аккумулятор 20 фоиз қувватга эга бўлган пайтда токка уланса, у 80 фоизни тўлиқ қувват сифатида эслаб қоларди.

Замонавий литий-ионли батареяларда эса бундай «хотира» эффекти мавжуд эмас. Аксинча, уларни кўпроқ қувватлантириш, қувватни нолга қадар туширмаслик лозим — шунда улар узоқроқ хизмат қилади. Литий-ионли батареяларнинг хизмат муддати тўлиқ қувватлантириш силсилаларининг умумий миқдори билан белгиланади, шунинг учун уларнинг қувват даражаси 50 фоиздан пастга тушмаслиги мақсадга мувофиқ бўлади.

2. Смартфонларга ҳам антивируслар ўрнатиш керак

Android тизими асосида Linux ядроси ётади, у дахл қилиш ҳуқуқига риоя этилишига жавоб беради, жараёнларнинг тўғри амалга оширилишини назорат қилади. Бу нарса «қумдон» (sandbox) деб аталади: ҳар бир дастурнинг фойдаланувчи идентификатори ва хотира каталоги бўлиб, бу маълумотлар бошқа дастурлардан ҳимоя қилинади. Яъни ҳар бир дастур фақат ўзидаги файлларни ўқий олади. Android’даги ҳар қандай ускунанинг ўз қумдони мавжуд, шу боис бундай ускунага тушган вирус фақат SD-карта ичига кира олади, холос.

Бир сўз билан айтганда, Android’да оддий компьютердаги каби вируслар мавжуд эмас, фақат шахсий ахборотларни ўғирлайдиган қароқчи дастурлар бўлиши мумкин. Бирор дастур ўрнатилганда, нималарга дахл қилиш учун рухсат талаб этилиши рўйхат қилиб кўрсатилади. Айрим дастурлар камерага, SMS-хабарларга, қўнғироқларга, алоқаларга, интернет тармоғига кириш рухсатини сўрайди.

Аксар ҳолларда бу хавфли эмас. Минимал хатардан ҳам қутулишнинг энг оддий йўли — Google Play’дан ташқаридан бирорта дастур олмаслик ва ўрнатмаслик. Ушбу онлайн дўкон ичига жойлаштирилган дастурлар синчиклаб текширилади ва ҳатто минимал зарар келтириши мумкин бўлганлари ўчириб ташланади.

3. Вазифалар менежерида дастурларнинг ёпилиши смартфоннинг ишлаш вақтини узайтиради

Кўпчилик ўйлайдики, дастурларни ёпиш смартфон аккумуляторидаги қувватни тежайди ва унинг кўпроқ ишлашига ёрдам беради. Баъзи бировлар ҳатто автоматик тарзда дастурларни ёпадиган утилиталар — Task Killers’га мурожаат этади. Аслида бундай дастурлар, ўзлари ҳам қўшимча қувват сарфлагани етмагандай, мутлақо фойдасиз ҳамдир: дастурларнинг ёпилиши қувватга ҳам, смартфоннинг тезлигига ҳам таъсир қилмайди. Аксинча, шу усулда ёпилган дастурлар кейинги сафар очилганида юкланишига кўпроқ вақт кетади.

Истисно ҳолатлар ҳам бор. Масалан, Facebook клиенти фон режимида ҳам батареяни кўп «ейди». Бундай фаол дастурларнинг ресурсларга дахл қилиш ҳуқуқини созламалардан чеклаган маъқул.

Юқоридаги фикрлар Apple ускуналарига ҳам тааллуқлидир. iOS дастурларни ўзи ёпади. Фақатгина дастур қотиб қолса, уни вазифалар менежери орқали ёпиш бирор-бир мазмунга эга бўлиши мумкин.

4. Процессорнинг ядроси қанча кўп бўлса, смартфоннинг тезлиги ҳам шунча катта бўлади

Ядролар сонининг кўплиги, частоталар юқорилиги, экраннинг кенглиги ва камерада мегапикселнинг кўп бўлиши амалда ускунанинг самарадорлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди.

2015 йилда MediaTek компанияси биринчи ўн ядроли процессорни ишлаб чиқарди — Heliо X20. Аммо бу иш самарадорлигининг ўсишига ва бенчмарклар натижаларининг кўтарилишига олиб келмади.

Бундан ташқари, саккизтадан ортиқ ядрони ишлата оладиган дастурлар ҳозирча жуда кам.

Apple’нинг замонавий гаджетлари эса иккита ядро билан ҳам бемалол ишлаб келмоқда. Компания iOS ва чипсетларни мустақил равишда ишлаб чиқади, дастурий ва аппарат қисмини эса такомиллаштириб боради.

5. Мегапикселлар қанча кўп бўлса, камеранинг сифати ҳам шунча яхши бўлади

Аслида мегапикселлар миқдори фақат ечимга, яъни расм ўлчамига таъсир кўрсатади. Сифатга таъсир ўтказувчи бош омил пикселнинг ҳажмидир — у қанча катта бўлса, шунча кўп нурни тутишга қодир, фотосуратда ҳам шунга яраша нуқсонлар камаяди.

Шунинг учун бўлса керак, охирги пайтларда рекламаларда камераларнинг пикселларини эмас, объектив диафрагмаси ва пикселнинг катталигига урғу бера бошлашди. Samsung Galaxy S7 да эса ўтган йилги S6 га нисбатан матрица ўлчами 16 мегапикселдан 12 мегапикселга камайтирилди, лекин фотосуратлар сифати янада ошди.

Яна бир муҳим жиҳат — смартфонда олинадиган фотосурат сифатига аппарат қисми эмас, қайта ишлашнинг дастурий алгоритмлари бирламчи таъсир кўрсатади.

6. Агар «Парвоз» режимини ёқсангиз ёки SIM-картани чиқарсангиз, сизни ҳеч ким кузата олмайди

Мутахассислар ўчирилган ускунага ҳам узоқдан дахл қила олади. Бир қарашда ўчирилган смартфон аслида минимал энергия сарфи режимида туради, негаки алоқа модуллари доимий қувватга муҳтож. SIM-карта чиқариб олинса ҳам, радиомодуль ишлашда давом этади, ўз-ўзидан, оператор қаерда жойлашганингизни бемалол аниқлай олади.

Бу муаммони ҳал этишнинг йўли — батареяни олиб ташлаш ёки гаджетни уйда ташлаб кетиш.

7. Тез қувватлантириш батареяга зиён келтиради

Бу афсонага ишонганлар аккумуляторни имкон қадар секинроқ қувватлантиришга ҳаракат қилади.

2014 йил охирида америкалик олимлар SLAC National Acceleration Laboratory тадқиқот марказида синовлар ўтказиб, аккумулятор электродлари қувватни бир текисда тарқатишини аниқлади, бунда тез ёки секин қувватлантириш режими ҳеч қандай ўрин тутмаслиги маълум бўлди.

8. Bluetooth модули ёқиғлиқ турса, кўп қувват сарфланади

Назарий жиҳатдан фаол модуллар қувват «ейди». Ҳар қандай жараён, у фон режимида бўлса ҳам, батареядан қандайдир қувват олади, аммо бу сарф минимал даражададир.

Замонавий смартфонларнинг кўпчилигида Bluetooth 4.0 стандарти ва Low Energy протоколи қўлланади. Бу технологиялар модулдаги энергия сарфини жуда пасайтиради. Шундай экан, қувват тежаш учун Bluetooth’ни ўчириш эмас, экран ёрқинлигини камайтириш тўғрироқ иш бўлади.

9. Дисплей ечими қанча катта бўлса, сифати ҳам шунча ошади

Аслида инсон кўзи 300 ppi’дан ошмайдиган кўрсаткичлардаги алоҳида пикселларни фарқлай олади. Пикселлар зичлигининг бундан ошиб кетиши ҳеч қандай визуал самара бермайди ва сифатнинг ошишига хизмат қилмайди.

Шуни ҳам унутмайликки, пикселлар зичлиги юқори бўлган дисплейлар график процессор олдига каттароқ талаблар қўяди, демак, кўпроқ қувват сарфлайди.

10. Оператив хотира қанча катта бўлса, тизим шунча тез ишлайди

Яқингача смартфонларнинг кўпчилигида 2–3 Гб оператив хотира бўлар эди, ҳозир эса 4 Гб стандартга айланиб қолди, 6 Гб оператив хотирали девайслар пайдо бўлиши кутилмоқда.

Аммо ускунанинг тезлиги RAM ҳажмидаги ортиқча гигабайтдан кўра дастурий таъминот оптимизациясига кўпроқ боғлиқдир. Бундан ташқари, почтада ишлаш, плеер ёки ижтимоий тармоқлар клиентларини ишга тушириш сингари вазифалар 2 Гб дан ортиқ хотира талаб қилмайди. Катта оператив хотира фақат йирик ҳажмли ўйинларнинг қотмаслигига ёрдам беради.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан