Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев Наманганда форел ва лосос балиқларини етиштираётган корхонага борди (фото)
26.06.2020 18:13,  
965

Шавкат Мирзиёев Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси - “DB Group Eco” фаолияти билан танишди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, республикада жами 4000 га яқин балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Йилига 190 минг тонна ушбу инсон организми учун фойдали маҳсулот етиштириляпти.

Мамлакатимиз ҳудудларида интенсив усулда балиқ парваришлаш корхоналари сони ҳам ортиб бормоқда.  Жумладан, 2019 йилда Наманган вилоятида балиқ етиштириш 6 минг 932 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсаткич 20 минг тоннага етиши кутилмоқда.

Фото: president.uz

2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу вилоятга ташрифи давомида лойиҳа сифатида тақдимот қилинган “DB Group Eco” корхонаси 2019 йилда ўз фаолиятини бошлади. Амалга оширилган лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса лойиҳа ташаббускори маблағидир.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна балиқ маҳсулотини ташкил қилади.

Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда балиқнинг ноёб турлари, форель ва лосось балиқларини интенсив усулда етиштириш йўлга қўйилган. Балиқ увилдириқлари ва озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

Асосан чучук  ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсининг ўзидан қуйилади ва сув айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Бунда ортиқча сув ва энергия ресурси сарфланмайди.

Фото: president.uz

Балиқ увилдириқдан то товар ҳолатига етгунига қадар 1-1,5 йил вақт давомида парваришланади. Корхона тасарруфидаги 5 гектар жойда увилдириқ ва чавоқлар етиштириш учун ёпиқ сув ҳавзалари ҳамда 66 та очиқ ҳовузлар барпо этилган. 100 та иш ўрни яратилган. Корхона тўлиқ ишга тушгач, 2000 тонна балиқ чавоғи етиштириш имконига эга бўлади. Айни вақтда форель музлатилган ҳолда, шунингдек, совуқ ва иссиқ дудланган, филе ва кам тузланган ҳолатда ички бозорга чиқарилмоқда.

- Аҳоли учун бундай ноёб балиқ турлари ҳамёнбоп бўлиши керак. Бунинг учун эса балиқнинг озуқа-емини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш зарур. Таннарх тушсагина бозори чаққон бўлади, одамлар дастурхонига балиқ етиб боради, тадбиркор учун ҳам фойда икки ҳиссага ортади, - деди давлат раҳбари.

Мутахассислар форелни хонбалиқ деб аташади, у фосфор, омега-3 ва омега-6 каби ёғ кислоталарига бой. Унинг истеъмоли инсонда қон-томир ва асаб касалликлари, хотира сусайиши каби хасталикларнинг олдини олади. Шу сабабдан форель маҳсулотларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта. Корхона йил сўнггига қадар Сингапур ва Россияга 300 тонна балиқ экспорт қилишни режалаштирган.

Фото: president.uz

Президентимиз бундай корхоналарнинг қурилиш лойиҳаларида балиқ етиштиришнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Вилоятнинг Учқўрғон, Мингбулоқ, Уйчи, Поп ва Норин туманларида 299 миллиард сўм қийматга эга 75 та янги лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан