Namangan City лойиҳаси бекор қилинган маҳаллада ободонлаштириш ишлари бошланди (фото)

Namangan City лойиҳаси бекор қилинган маҳаллада ободонлаштириш ишлари бошланди (фото)

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақовнинг Наманган шаҳридаги «Гулистон» маҳалласи аҳолиси билан учрашувида мазкур ҳудудда қад ростлаши режалаштирилган Namangan City лойиҳаси бекор қилиниши, бу ерда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиши маълум қилинганди.

Наманган вилояти ҳокими "Namangan city" лойиҳасини бекор қилди (видео+фото)

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган. Бунинг учун ўнлаб махсус техника, юзга яқин ишчи-ходим сафарбар қилинди.

Наманган туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан маҳалладаги ночор ҳолатга келган йўллар асфальт ётқизиш учун тайёрланмоқда. Шунингдек, бетон лотоклар ўрнатилиши, электр таянч устунлари ва эскирган сув қувурлари янгиланиши режалаштирилмоқда.

Вилоят электр, газ, «Сувоқава», ободонлаштириш корхоналари ходимлари ўзларига топширилган юмушларни бажаришга киришди. Вилоят қурилиш бош бошқармаси мутасаддилари эса бу ишлар вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилмоқда.

"Асосийси, маҳаллада бошланган хайрли ишлардан гулистонликлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Улар кўчаларни тозалаш, ён-атрофни кўркам ҳолга келтиришда бажонидил иштирок этмоқда. Уларнинг бўлаётган ўзгаришлардан мамнун эканликларини юз-кўзларидан, кўтаринки кайфиятларидан пайқаш мушкул эмас" - дейилади хабарда.