15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгач, 16 мартда муфтий Усмонхон Алимов мурожаат билан чиққан ва мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоат намозлари вақтинча тўхтатилишини маълум қилган эди.
Кейинроқ, фақат «яшил» ҳудудлардаги масжидлар очилишига рухсат берилди ва жамоат намозлари илк марта ижтимоий масофа сақланган ҳолда ўқилди.
17 августдан масжидлар яна очилди ва 1 сентябрь куни Республика махсус комиссияси жума намозларини энди масжидларда ўқиш мумкинлигини эълон қилди.
Шу тариқа, карантиннинг 25-ҳафтасига келиб, 4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари яна жума намозларини масжидларда адо этиш имконига эга бўлди.
17 августдан буён масжидлардаги жамоат намозларида амал қилиб келинаётган карантин қоидалари жума намозларига нисбатан ҳам татбиқ этилади
Мусулмонлар идораси масжидларда жума намози ўқишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди:
"24 ҳафталик тўхталишдан сўнг мўмин-мусулмонлар муборак жума ибодатини яна адо этиш бахтига муяссар бўлаётганлари учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсин. Бугун барча жомеларда белгиланган карантин қоидалари ва санитария-эпидимиология меъёрлари асосида кўп сонли жамоатни қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биноларни тозалаш, дезинфекция ишлари, ижтимоий масофа сақлаш учун махсус белгилар ва бошқа зарурий чоралар кўрилмоқда.
Шу ўринда жума намозларига ташриф буюрувчиларга масжид ходимлари кўрсатмаларига амал қилган ҳолда белгиланган карантин қоидаларига риоя қилишларини, имкон қадар ўзлари билан жойнамозларини олиб келишларини ҳамда масжидларга кириш-чиқиш жойларида тўпланиш ҳолларига йўл қўймасликларини сўраб қоламиз" - дейилади идора хабарида.