Прокудин-Горский ҳақида эшитганмисиз? 1863 йил Россиянинг Владимир губерниясида туғилган Сергей Михайлович Прокудин-Горский фотосуратчи, кимёгар, кашфиётчи ва ношир эди. У дунёда биринчилардан бўлиб рангли сурат олишни йўлга қўйган. 1917 йил инқилобидан кейин Францияга муҳожирликка кетган ва 1944 йил ўша ерда вафот этган Прокудин-Горскийнинг архивида 4 000 дан ошиқ турли мавзулардаги суратлар бўлган. Афсуски, бугунги кунгача бу суратлардан 2 000 га яқинигина етиб келган ва ҳозирда АҚШ Конгресс Кутубхонасида сақланади.
Прокудин-Горскийнинг асосий фотосуратлари Россиядаги ўша давр ҳаётини акс эттирган. Шу билан бирга у 1904-1916 йиллар давомида Россия империяси таркибига кирувчи ҳозирги Украина, Белроуссия, Грузия, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Латвия, Финландияда; шунингдек, империя чегараларидан ташқаридаги Франция, Туркия, Швейцария, Германия, Дания, Италия ва Австрия каби мамлакатларда бўлиб, у ерларда ўзи муҳим санаган шахслар, жойлар суратларини тарихга муҳрлаган.
Прокудин-Горский олган фототасвирлар Чор Россияси подшоси Николай II қўли остидаги ерлар ҳақидаги лойиҳанинг бир қисми бўлган. Прокудин-Горский Россия подшосига тегишли бепоён ҳудудларнинг рангли панорамасини тузишни истаган.
Биз ушбу мақолада Ўзбекистон ҳамда қисман Туркманистон ва Қирғизистоннинг юз йил аввалги ҳолатини кўрсатувчи суратларни танлаб олдик. Уларнинг мавзуси хилма-хил – Бухоронинг машҳур ва сўнгги амири Сайид Олимхондан тортиб, унинг зиндонида ётган занжирланган маҳбусларгача, даштдаги кўчманчилардан шаҳардаги савдогару тиланчиларгача тасвирланган.
Сергей Прокудин-Горский олган фотосуратларнинг тўлиқроқ кўриниши билан қуйидаги видеолавҳамизда танишишингиз мумкин.