Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Alshaya Group” компаниясининг минтақавий вакили Нэнжи Менхотра билан учрашди.
Пойтахт матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини, хусусан, Тошкентда жаҳонга машҳур “Starbucks” қаҳвахоналари тармоғини очиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Компаниянинг минтақавий вакили Нэнжи Менхотра Тошкент шаҳри ҳудудида 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналарни қуриш лойиҳасига катта қизиқиш билдирди.
Хорижий томон яқин беш йилга мўлжалланган демографик ўсиш кўрсаткичларига асосланиб, шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
Пойтахт ҳокими меҳмонларга Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий, инвестицион ҳамда туристик кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди. Учрашув натижаларига кўра, хорижий томон “Starbucks” қаҳвахоналари тармоғи ва меҳмонхоналарни очиш лойиҳасини амалга ошириш учун зарурий ҳужжатларни тайёрлаши ҳақида маълумот берди.
Маълумот учун, Alshaya Group – чакана франшизанинг етакчи халқаро оператори бўлиб, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, Россия, Туркия ва Европада 90 та истеъмол брендларига ҳамда кўчмас мулк, қурилиш, меҳмонхоналар, автомобил ва умумий савдо соҳасида холдингларга эгалик қилади.