Туркия Шахсий маълумотларни ҳимоялаш бошқармаси фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини бузгани учун Фейсбук ижтимоий тармоғига 1,6 миллион лира (қарийб 282 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солди. Бу ҳақда бошқарманинг расмий сайтида маълум қилинган.
Қайд этилишича, 2018 йилда 280 мингдан зиёд туркиялик Фейсбук фойдаланувчиларига тегишли шахсий маълумотларнинг махфийлиги бузилган. Учинчи шахслар ушбу фойдаланувчиларнинг исмлари, туғилган саналари, қаерда яшашлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлган. Бунинг учун ижтимоий тармоққа 1,15 миллион лира жарима солинган, тармоқ маъмурияти юз берган ҳолат бўйича Туркия томонини ўз вақтида хабардор қилмагани учун қўшимча равишда 450 минг лира жарима белгиланган.
Жорий йилнинг майида Шахсий маълумотларни ҳимоялаш бошқармаси фойдаланувчиларнинг махфий суратлари оммага ошкор бўлгани учун Фейсбукка 1,65 миллион лира (қарийб 270 минг АҚШ доллари) жарима солган эди.