Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Туркияда «Ўзбек тили байрами» нишонланди (фото)
28.10.2019 11:30,  
549

2019 йил 26-октабр куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Истанбул Тижорат университетида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги, Туркиядаги ўзбекистонлик ёшлар жамияти ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида “Тил – миллат кўзгуси” шиори остида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил қилинди.

Тадбирда ўзбекистонлик ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ўқилган шеър ва ғазаллар байрамга ташриф буюрганларда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, Туркиядаги ўзбек талабалари томонидан тайёрланган “Андижон полькаси” миллий рақси ҳамда ижро этилган миллий куй ва қўшиқлар тадбирни кўтаринки руҳда ўтишига сабаб бўлди.

Байрам тадбирини Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакили Эргаш Жумаев очиб берди. Э.Жумаев тилимизнинг аҳамияти, ҳозирда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21-октабр куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда тилимизга берилаётган улкан эътибор ҳақидаги фикрларини тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашди.

Тантанали руҳда ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Агзамҳўжаевнинг табрикларини маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари бўйича иккинчи котиб Бобур Тогаев ўқиб эшиттирди.

Туркиянинг Карабук шаҳрида жойлашган Карабук Университетида таълим бериб келаётган Саидбек Болтабоев тадбир қатнашчиларини тилимизнинг тарихи, дунё тиллари орасидаги юқори мавқейи ва тилимизнинг келажакдаги ўрнини янада ошириш учун қилиниши керак бўлган ишлар ҳақидаги мазмунли маърузаси билан баҳраманд қилди.

Шунингдек, байрам тадбирида “Тилга эътибор – элга эътибор” номли иншолар танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Ўзбек тилининг келажаги биз, ёшлар, қўлида!” мавзусидаги иншо муаллифи Дилноза Рустамова иншолар танловининг ғолиби деб топилди ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тилимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган байрам тадбири ўзбек дастурхони атрофида самимий суҳбат билан ўз якунига етди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан