18 мартнинг коронавирус билан боғлиқ энг муҳим хабарлари (дайжест)

18 мартнинг коронавирус билан боғлиқ энг муҳим хабарлари (дайжест)

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўтган суткада дунё бўйлаб 11526 киши коронавирус юқтириб олди, 475 киши вафот этди. Коронавирусдан вафот этганлар сони жами 7426 кишига етди. Яна 8 та давлатда коронавирус илк бор аниқланди.

COVID-19 дунёнинг 159 та давлатида аниқланди. Коронавирус Гуам ва Аруба, Сомали, Багам ва Виргин ороллари, Бенин, Танзания ва Либерияга ҳам етиб келди.

Дунё бўйлаб коронавирусни юқтирганлар сони 200000 дан ошди.

Юртимизда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 нафарга етди.

Шавкат Мирзиёев коронавирус масаласида Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Туркманистон президенти билан коронавирус инфекцияси бўйича суҳбатлашди. 

Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш учун Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида тузилган тезкор штаблар рўйхатини очиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи коронавирус туфайли бир қатор чекловлар жорий этди.

Қашқадарёлик талабаларни уйларига олиб кетиш учун 20 та автобус, 4 та микроавтобус ва 100 га яқин енгил автомобиллар Тошкент шаҳрига етиб келди. 1700 га яқин қашқадарёлик талабаларни уйларига етказилди.

Навоий шаҳрига қайтишда транспорт борасида муаммога дуч келаётганларга Навоий вилоят транспорт бошқармаси томонидан “Тошкент-Навоий” йўналиши бўйича туну кун автобус қатнови йўлга қўйилди

Қўйлиқ бозори яқинидаги автотураргоҳдан Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларни Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларига бепул етказиб қўйиш учун енгил автомобиллар ташкил этилди.

Самарқандлик талабаларнинг уйга кетишларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят транспорт бошқармаси томонидан 6 автобус ва 70 га яқин енгил автомашиналар жалб этилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талаба ёшларни бепул олиб келиш Сурхондарёдан 1 та автобус ва 30 та енгил машиналар йўлга чиқди.

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусдан ҳимоя воситаларини топширди. USAID тақдим этган шахсий ҳимоя воситалари таркибига 10 000 та қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 та махсус халат ва 200 та кўзойнак киради. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб вилоят марказлари ва шаҳарларда тарқатилади.

Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида транспорт алоқаларини тўхтатгани учун “Аэрофлот“ компанияси махсус рейс билан 282 нафар россияликни Тошкентдан Москвага етказди.

Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси, ТИВнинг Оператив штаби ва Транспорт ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда, 2020 йил 18 март куни Мисрда бўлган 177 нафар ўзбекистонлик йўловчиларни келтириш учун «Шарм аш-Шайх - Навоий» чартер рейсини ташкиллаштирди.

Мисрдан қайтган ўзбекистонликлар Карманадаги соғломлаштириш марказига жойлаштирилди.

Жорий йилнинг 15 март куни соат 21:00 да ишга тушган Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказга бугун, 18 март соат 13:00 гача 69 212 та қўнғироқ келиб тушган. Унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар 4 сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларида карантин расман 16—31 мартгача давом этади. Мактабгача таълим муассасалари ходимлари 18 мартдан ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин маълум қилди.

Яқин-атрофимизда

Қозоғистоннинг Нур-Султон ва Алматида карантин режими жорий этилди. Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони 35 кишига етди. Уларнинг 17 нафари Алматида, 18 нафари Нур-Султонда.

Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоев коронавирусга қарши курашиш учун биринчи президент жамғармасидан $460 минг ажратишни буюрди.

Қирғизистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош туманида Умра сафаридан қайтган 3 кишида коронавирус аниқланди.

Россия Халқ таълими вазири Сергей Кравцев мамлакатдаги мактабларда 23 мартдан 12 апрелгача таътил берилишини эълон қилди. 

Ўтган суткада Россиянинг 15 та регионида коронавирус билан боғлиқ янги ҳолат аниқланди. Россияда коронавирус юқтириб олганлар жами сони 114 кишига етди.

18 мартдан коронавирус хавфини олдини олиш мақсадида Москванинг аксар ресторанлари меҳмонларга хизмат қилишни тўхтатиб, уйга етказиб бериш режимига ўтди.

Ломоносов номидаги Москва давлат университети вирусология кафедраси мутахассислари янги турдаги коронавирусга қарши вакцинани 3 ой ичида ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. 

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков коронавирус учун таҳлил топширди. Шунингдек, президент тадбирларида қатнашадиган барча ходимлар ҳам тест топширишган. "Натижаларни 12 соатдан кўпроқ кутишга тўғри келди", деди Песков.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳукуматнинг захира фондидан коронавирусга қарши курашаётган шифокорларни рағбатлантириш мақсадида 11,8 млрд рубль (150 млн доллар) ажратиш ҳақида қарор қабул қилди.

Михаил Мишустин ҳарбийлар, талабалар ва маҳбусларни шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга жалб қилишни буюрди.

Дунёда

Саудия Арабистонида масжидларда жума ва жамоат намозларини ўқиш тўхтатилди. Саудия бўйича Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаром ва Мадинадаги Масжидун-Набавийгина очиқ қоляпти.

"Катта йигирматалик" (G20) вакили Саудия Арабистони кейинги ҳафтада онлайн режимда фавқулодда саммит ўтказишга чақирди. Унда G20 вакиллари коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва унинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш масалаларини муҳокама қилишади.

Туркияда коронавирус оқибатида 1 киши вафот этгани расман тасдиқланди. Ҳозирда Туркия ҳудудида 98 киши коронавирусни юқтириб олган. Бу ўтган кунгидан 2 баробар кўпдир.

Туркияда карантинга кетаётган автобус йўловчилари жанжал кўтарди.

Туркия ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатган 24 кишини ҳибсга олди. Фейк хабар тарқатишда жами 137 киши айбланмоқда.

АҚШдаги барча штатларда коронавирус аниқланди. Сўнгги ҳолат Ғарбий Виржиния штатида қайд этилди.

АҚШнинг Невада штати, машҳур Лас-Вегас шаҳридаги барча казино ва кўнгилочар масканлар коронавирус хавфи сабабли 30 кунга ёпилди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Молия вазири Стивен Мнучин ҳар бир катта ёшли америкаликка 1000 долларгача чек олишни таклиф қилмоқда. Бу коронавирус пандемияси туфайли иқтисодиётнинг қулашига қарши туриш чораларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Apple корпорацияси коронавирус хавфи сабаб АҚШдаги барча дўконларини ёпмоқда. Қачон очилиши номаълумлигича қолмоқда.

Бразилия президенти Жаир Болсонару иккинчи марта коронавирус учун тест топширди. Таҳлиллар натижасига кўра, президентда коронавирус аниқланмади.

Хитойдан Японияга импорт ҳажми коронавирус сабаб  47% га камайди. Хитой Японияга асосан автомобиль эҳтиёт қисмлари экспорт қилади. 

Япония ўз фуқароларига коронавирус билан боғлиқ оғир жараёндан чиқиб олиш учун 12 000 йендан ($112) бермоқчи. 

Белгия 18 мартдан умумий карантин режимига ўтди. 5 апрелга қадар заруратсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Белгияда 1200 киши коронавирусга чалинган.

Италия ва Белгияда калта шим (шортик) сотиш тақиқланди. 

Европада коронавирус юқмаган биронта давлат қолмади. Коронавирус бўйича сўнгги ҳолат Черногорияда аниқланди.

Сербия президенти Александр Вучич 65 ёшдан юқори кишиларнинг кўчага чиқишини тақиқлаб қўйди. Айни пайтда Сербияда 72 киши коронавирусни юқтирган. 

Колумбияда ҳам фавқулодда ҳолат жорий қилинди. 31 майгача 70 ёшдан ошган фуқароларга уйдан чиқмаслик чеклови белгиланди.

Германия канцлери Ангела Меркел Евроиттифоқнинг хорижий фуқароларга бу ҳудудга 30 кун давомида кирмаслик ҳақидаги тақиқини маъқуллади ва Германия бу чекловни зудлик билан амалга оширишини таъкидлади.

Германиянинг энг машҳур BMW корпорацияси Европа ва Жанубий Африка республикасидаги заводларини 1 ойга ёпмоқда.

Италияда коронавирусга қарши вакцина ҳайвонларда синаб кўрилмоқда. Агар бу муваффақиятли кечса, инсонларда ҳам синаб кўриш режалаштирилган.

Италиянинг Венеция шаҳрида карантин сабаб ички каналларда ҳаракат тўхтаган. Маҳаллий аҳоли сувнинг жудаям тозарганини ва шаффоф ҳолатга кирганини, сувда сузаётган балиқлар ҳам кўринаётганини ёзди. Шунингдек, Венеция сувларида дельфинлар ҳам пайдо бўлган.  

Австралия супермаркетларида ҳожатхона қоғози, сут, гўшт, гуруч, ун, тухум ва қўлни ювиш воситаларини сотиб олишда чеклов ўрнатилди. 

Коронавирус фонида Brent маркадаги нефтнинг бир баррели $28 га тушиб кетди.

Европа бозорида коронавирусга қарши вакцина куз бошида пайдо бўлиши мумкин. Европа комиссияси CureVac GmbH компаниясига вакцина ишлаб чиқариш учун 80 млн евро ажратган.

Спорт оламида

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) президенти Александр Чеферин Европа чемпионати 2021 йилга кўчирилиши муносабати билан ўз фикрларини баён қилди:
"Бу футбол тарихидаги энг буҳронли вазиятдир"

Халқаро Хоккей федерацияси вице президенти Калерво Куммоланинг маълум қилишича, Швейцарияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати коронавирус сабаб бекор қилинди.

Австриянинг Ишгл тоғ-чанғи курорти Европада коронавируснинг янги ўчоғи бўлиши мумкин. Бу ерга келган юзлаб европаликлар COVID-19 коронавирусини юқтириб олган бўлиши мумкин, деб ёзмоқда Der Spiegel.

Миллий Баскетбол ассоциацияси (NBA) юлдузи, «Бруклин Нетс» ҳужумчиси Кевин Дюрантда ҳам коронавирус аниқланди.