Президент тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифасини қўйди

Президент тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифасини қўйди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда президент вазирлик ва идораларда ахборот технологияларини қўллаш даражасига қараб ундаги раҳбарларнинг ойлик мукофот пулини ошириш ёки камайтириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига давлат идоралари маълумотлар базасини таснифлаб, уларни идоралараро интеграцион платформага улаш, электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талабларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Пандемия таъсирини инобатга олиб, энг зарур бўлган давлат хизматларини тезкор равишда электрон шаклга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимларини жорий этиш, ижтимоий нафақалар ҳисобини юритишга мўлжалланган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”ни жорий йил якунига қадар ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат солиқ қўмитасига савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини онлайн назорат касса машиналарига ўтказиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ҳамда электрон ҳисоб-фактура тизимини жорий этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Келгуси беш йилда саноат корхоналарида ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига таннархни ўртача 13-15 фоизга пасайтириш мумкин.

Транспорт вазирлигига темир йўлларда юк ташиш ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизматлари тўлови учун автоматлашган тизимларни ишга тушириш, барча транспортларга ягона электрон билет жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, кенг полосали интернет тармоғини 10 фоиз кенгайтириш эвазига ялпи ички маҳсулотни камида 1 фоиз ўстириш мумкин.

Жорий йилда оптик толали алоқа қамровини мактабгача таълим тизимида 41 фоиздан 100 фоизга, халқ таълимида 40 фоиздан 70 фоизга, соғлиқни сақлаш соҳасида 38 фоиздан 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу орқали кўплаб қишлоқларга интернет тармоғи етиб боради.

Шу боис Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.