Алиев ва Пашинян телеканал эфирида Қорабоғ бўйича баёнотлар алмашишди

Алиев ва Пашинян телеканал эфирида Қорабоғ бўйича баёнотлар алмашишди

Фото: Euronews

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги уруш фонида ўз позицияларини Euronews телеканалига эксклюзив онлайн интервюда тақдим этишди.

"Ўт очишни тўхтатиш тўғрисида бир томонлама келишиб бўлмайди, бу икки томонлама қарор бўлиши керак. Бундан ташқари, у ўз жойида амалга оширилиши керак. Маълумки, Арманистон 27 сентябр куни бизга ҳужум қилди, бизнинг ҳарбий позицияларимизга ва инфратузилмамизга зарар етказди, тинч аҳолига ҳужум қилди. Мамлакатимизда арманларнинг ҳужумлари, шу жумладан уларнинг баллистик ракеталари ва кластерли бомбалари натижасида деярли 30 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Биз кўп марта ҳужумларнинг нишонига айландик. Сўнгги уч ой ичида Озарбайжонга қарши учта ҳужум содир бўлди", - деди Алиев.

Пашинян бу айбловларни рад этди ва ўз навбатида Озарбайжонни Тоғли Қорабоғда этник тозалашни амалга оширишни ният қилганликда айблади.

"Арманистон ва Тоғли Қорабоғ бу ҳудудда ҳал қилиши керак бўлган ҳарбий вазифалари мавжуд эмаслиги туфайли урушни биз бошламаганлигимиз ҳақида халқаро ОАВ ва ҳамжамиятда етарлича ахборот мавжуд. Биз ҳал қилишимиз керак бўлган вазифа сиёсий характерга эга. Бизнинг мақсадимиз битта - арман халқини янги геноциддан ҳимоя қилиш. Бу ўз-ўзини ҳимоялаш. Бизнинг позициямиз бир хил эди ва шундайлигича қолмоқда: Қорабоғ муаммосини зўравонлик билан ҳал қилиб бўлмайди. Зўравонлик билан ҳеч қандай ечим топиб бўлмайди. унга тайёргарлик - бу Озарбайжон юритган сиёсат", - дейди Арманистон бош вазири.